Ўзбекистонда айрим банклар электромобиллар учун экокредит таклиф қила бошлашди. Кредит муддати 48 ой, фоиз ставкаси эса 23 фоиз этиб белгиланган.
Бошланғич бадал миқдори эса энг камида 35 фоиз бўлиши керак. Бундан ташқари, 6 ойлик имтиёзли муддат ҳам мавжуд.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда электромобиллар оммалашмоқда. Апрель ойи ҳолатига кўра, электромобилларни қувватлантириш шохобчалари Ўзбекистоннинг етти вилоятида мавжуд.
Зарядлаш станциялари умумий сони 50 га яқинлашиб қолди, уларнинг асосий қисми Тошкент ва Фарғона водийсида жойлашган. Яна бир нечта станциялар Самарқанд, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида бор.
Бундан ташқари, 2022 йилнинг январь—февраль ойларида Ўзбекистон 228 та электромобиль импорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 150 тага ортиқ.
Ҳукуматнинг муҳокамага қўйилган қарорига кўра, ташкилотлар томонидан 2022 йилдан бошлаб харид қилинадиган транспорт воситаларининг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши талаб этилади.
Шу сабабдан Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси биринчилардан бўлиб хизмат машина паркига 10 дона электромобиль харид қилган эди.
Изоҳ (0)