Уилл Смит «Оскар» маросимидаги бошловчи Крис Рокка туширган тарсакиси учун Америка Кино академияси шундай муносабат билдирди, деб ёзади Esquire.
Кино санъати ва фанлари академияси актёр Уилл Смитни ўз тадбирларида, жумладан, «Оскар» мукофотини топшириш маросимидан 10 йилга четлатди.
Тақиқ 2022 йил 8 апрелдан кучга кирди. 2032 йилгача актёрга нафақат АҚШ Кино академиясининг тадбирларига келиши тақиқланган, балки тадбирларда масофавий ҳам иштирок эта олмайди. Аммо Уилл Смит «Оскар»га эҳтимолий номзод ва ғолиблик ҳуқуқини сақлаб қолади.
Кино санъати ва фанлари академияси директорлар кенгаши бу қарорга Смит бошловчи Крис Рокка унинг рафиқаси — актриса Жада Пинкетт-Смитга қилган ноўрин ҳазили туфайли туширган тарсакисидан сўнг келди. Шунингдек, ташкилот Крис Рокдан узр сўради ва унга «хотиржамликни сақлагани» учун миннатдорлик билдирди.
«Мен академия қарорини қабул қиламан ва ҳурмат қиламан», — деди Уилл Смит. Айтганча, у аввалроқ Крис Рок ва «Оскар»нинг барча ташкилотчиларидан узр сўраган. Актёр ўзининг хатти-ҳаракати қабул қилиб бўлмайдиган ва кечирилмас деб тан олган. Шунингдек, актёр Кино санъати ва фанлари академиясидан истеъфога чиққан.
Бундан ташқари, «Оскар»даги жанжалдан сўнг Netflix ва Apple Смит ҳақида биографик фильм суратга олишдан бош тортди. Netflix актёр билан жанговар фильм устида ишлашни тўхтатди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил Уилл «Қирол Ричард» фильмидаги роли учун «Энг яхши актёр» номинацияси бўйича «Оскар»ни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)