«Ташқи савдо фаолияти иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2023 йил 1 апрелга қадар маҳаллий корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га Европа Иттифоқи давлатларига юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 70 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади. Шунингдек, қўшни давлатларга экспорт қилинган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (махсус турдаги товарлардан ташқари), ишлар ва хизматлар экспортини шартнома тузмасдан ҳисобварақ-фактуралар (инвойслар) асосида амалга оширишда талаб этиладиган олдиндан тўлов миқдори 100 фоиздан 50 фоизга камайтирилади.
Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси икки ҳафта муддатда экспорт қилишда ташиш харажатларини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиладиган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлайди ва унинг Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона порталида («Exportportali.uz») эълон қилиб боради. Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатади.
Ҳужжатга мувофиқ «Божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашни тақиқловчи тартиб бекор қилинмоқда.
Шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, инновацион технологияларга асосланган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат комиссиясининг қарорига асосан Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уларга 500 минг долларгача кредитлар ажратишга рухсат берилган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 2023 йил 1 январга қадар ҳукумат комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон ташқи савдо операцияларини тартибга солишнинг вақтинчалик механизмларини жорий қилиш ваколати берилди.
Аввалроқ бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тадбиркорлар ва экспортчиларни етарлича қўллаб-қувватламаётган амалдорларни қаттиқ танқид қилганди.
Изоҳ (0)