Тадбиркорнинг 15,5 минг долларини қўлга киритган Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериги ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Й. туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. билан олдиндан тил бириктириб, хусусий тадбиркор Р.га «Мевазор» МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилгани аниқланган. Бунинг эвазига улар 2021 йил давомида жами 15,5 минг долларни қўлга киритган. Яна 1 000 долларни олган вақтида ушбу шахслар ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Оҳангарон ҳокимлиги ходими 20 минг доллар пора билан қўлга тушгани, Қўқон шаҳар ҳокимининг 10 минг доллар пора олган биринчи ўринбосари 5 ярим йилга қамалгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)