Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори  кучга кирди.

Унда дунё бозорларида юзага келган кескин тебранишларнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга салбий таъсирини камайтириш, ички бозорни буғдой, ун ва ўсимлик ёғи маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш мақсадида бир неча чоралар белгиланган.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил апрель—июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна 3-синф буғдойи (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилинади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ички ва ташқи бозорлардаги вазиятдан келиб чиқиб яна 500 минг тонна буғдойни импорт қилиш зарурати юзасидан асослантирилган таклиф киритади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб йил якунига қадар импорт қилинадиган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғини темир йўллар орқали ташишда 50 фоизли имтиёзли тарифлар қўлланилади. Юкларни вагонлардан тушириб олиш муддати бўйича қўлланиладиган тарифлар (простой) миқдорини барча турдаги буғдой импортёрларига дастлабки уч кун учун 40 фоизга пасайтирилади.

Импорт қилинган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғи биржа савдолари орқали сотилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 23 март куни иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш топшириғини берганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар