Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 31 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЙПХ ходимининг хизмат вақтида олинган фото ва видеоларини унинг рухсатисиз интернетга жойлаштиришни тақиқлаш таклифига муносабат билдирди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
14 март куни Ички ишлар вазирлиги ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларни унинг рухсатисиз интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришни тақиқлаш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилган эди.
Светлана Ортиқованинг айтишича, ҳар қандай мамлакат ўзининг мустақиллигини эълон қилгандан кейин «ўша доирада яшайдиган, ҳуқуққа итоат қилувчи инсонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мажбуриятини олади».
Ўзбекистон ҳам бунинг қаторидан қолгани йўқ. Шунинг учун ҳам БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. ЙПХ ходими хизмат вазифасини бажаради. Яхши бажарадими, ёмон бажарадими, бу иккинчи масала. Ҳозир кўчада автомашинада юриш хавфли бўляпти. Қаердадир видеокамера ишлайди, қаердадир ишламайди. Қаердадир ЙПХ ходими туради, қаердадир турмайди. Лекин ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган инсонларнинг автомашина ҳайдашини кўряпмиз. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон йўллари — «қонли йўллар» деган ном олди. Бу шарманда эмасми?Светлана Ортиқова ушбу чекловнинг Конституция ва қонунларга қанчалик мувофиқ келиши ёки келмаслиги тўғрисидаги саволга жавоб берди.Менинг фуқаро, ҳуқуқшунос, прокурор ва аёл сифатида шахсий фикрим, ЙПХ ходими кўчага чиқиб, хизмат вазифасини бажаришда қонуннинг талабини бажариш лозим бўлган йўловчидан талаб қилса, менимча, бу ҳолатни ижтимоий тармоқларда тарқатиш нотўғри. У ҳам инсон-ку, Ўзбекистон фуқароси-ку. Мисол учун, мендан сўрамасангиз суратга туширишингизга рухсат бермайман. Биринчидан, Ўзбекистон фуқаросини ҳимоя қилишимиз керак. «Ҳозир сиз мендан талаб қиляпсиз, мен сизни тасвирга олсам майлими», деб. Иккинчидан, у давлат хизматидаги инсон. Агарда ЙПХ ходими қандайдир нотўғри хатти-ҳаракат қиладиган бўлса, сиз ўз ҳуқуқингизни, мажбуриятингизни эсдан чиқармайсиз. Афсуски, ҳозир ҳуқуқим бор экан деб, мажбуриятни эсдан чиқарадиганлар талайгина бўлиб қоляпти-ку. Фикримча, бу Ўзбекистон халқига мос нарса эмас. Мен ҳам йўловчи томондан, ҳам давлат хизматчиси томондан айтяпман, ЙПХ хизмат фаолиятидаги жараёнини тасвирга олишга қаршиман, — дейди бош прокурор ўринбосари.
«Конституцияда шаън, қадр-қиммат, дахлсизлик бўйича норма бор. Йўл-патруль хизмати ходими ҳам Ўзбекистон фуқароси. У ҳам Конституция билан ҳимоя қилиниши керак. Бу менинг шахсий фикрим. Бу – фикр, қонун эмас. Қонун тарзда ё рухсат берилади, ё ман этилади. Ўзбекистон фуқароси Конституция билан ҳимояланган», — дейди у.
Аввалроқ жамоатчилик вакиллари, блогерлар мазкур ҳужжат лойиҳаси тўғрисида ўз муносабатларини билдирган эди.
«ЙПХ ўз сафини профессионал бажарсин»
Бу ёпиқликка, орқага ташланган қадам. ЙПХ ходими бюджетдан маош олиб, халққа хизмат кўрсатади. Уни уйида, ишдан бўш вақтида кимдир расмга олса ноқонуний, лекин хизмат вақтида, айниқса, қонунни бузаётган пайти тасвирга олиш ва уни тарқатишни тақиқлаш жамоатчилик назоратига, шаффофликка қарши қадам. Ундан кўра ЙПХ ўз сафини профессионал, ҳалол кадрлар билан тўлдирсин, токи уларга ҳеч қанақа камера хавф бўлмайди, очиқликдан қўрқмайди. Бу ҳолат эса жамоатчилик кўзидан қочишга уринишдан бошқа нарса эмас.«Давлетовуз» Telegram канали
«Конституцияга зид»
Ички ишлар тизимини очиқ ва шаффоф, халққа яқин тизимга айлантириш бўйича кўп гапирилади. Тан олиш керак, анча ишлар қилинди ҳам. Буни айтмаслик инсофдан эмас, албатта.Аммо ўша эски даврни қўмсаб, яна ёпиқликни хоҳлаб қолганлар томонидан барча қилинаётган ислоҳотларни орқага қайтарадиган бир қарор лойиҳаси ишлаб чиқилибди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида фуқароларга ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик мажбурияти юкланмоқда.
Давлат бюджетидан, яъни халқнинг солиқларидан ойлик оладиган давлат хизматчилари ўз вазифасини бажараётган пайтда солиқ тўловчиларга видео ва фотога олишни ёки уни тарқатишни тақиқлаш Конституцияга ҳам зид. 29-моддага кўра, ҳар ким ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Конституциявий тузумга қарши қаратилган, давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина бу ҳуқуқ қонун билан чекланиши мумкин.
Бу ерда чеклов фақат қонун билан бўлиши керак, Вазирлар Маҳкамасининг бунга ваколати ҳам, ҳуқуқи ҳам йўқ. Наҳотки лойиҳа муаллифларининг шунга ақли етмаган?
ЙПХ инспекторининг ва ўзи умуман бошқа исталган давлат хизматчисининг ишдан ташқаридаги шахсий ҳаёти қонун билан ҳимоя қилинади, бунда албатта розилик шарт. Аммо ўз вазифасини бажараётганда чеклашга уриниш — бу орқага қайтиш дегани.
Бу худди болалигимиздаги бир воқеани эслатади. Мабодо коптокнинг эгаси футболда ютқазиб қўяверса, алами келганидан коптогини уйга олиб кетиб қоларди. Ундан кўра яхшироқ ўйнашни ўрган, шунда ютқазмайсан, дейиш бефойда эди. Ички ишлар вазирлиги ҳам ўзича видеолардан аразлаб, қарор йўли билан буни тақиқлашга уринмоқда.
Бунақаси илгари ҳам бўлган. Ҳайдовчиларга орқа ён ойнага парда тақишни ноқонуний тақиқлаган вазирлик ҳамда ўша пайтдаги ЙҲХББ судларда кетма-кет ютқазгандан сўнг, ноҳақлигини тан олиш ўрнига секингина ими-жимида ўзларининг фойдаси учун қонунга ўзгартириш киритиб олмоқчи бўлишганди. Бу ҳақда мана бу ерда ёзганман. Лекин хайрият ўшанда уларнинг бу номардларча «юриши» ўхшамай қолганди.
Етар энди. Қачондир тугаши керак-ку бунақа ишлар. Ҳадеб орқага қайтаверамизми?
Наҳотки ички ишлар тизимини халқнинг ҳақиқий мададкори ва дўстига айлантиришнинг бошқа бирорта йўли йўқ бўлса?.
Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев
«Бу қонун билангина тақиқлаши мумкин»
ЙПХ ходимларини фото-видеосуратга олиб, унинг розилигисиз тармоққа жойлаш ва тарқатиш тақиқланмоқчи.Бирор ойлар аввал ИИВ вазир ўринбосари ички ишлар ходимларини видеога олиб тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини айтганди. Бунга асос қилиб 118-сонли президент қарорини келтирди. Ўшанда ҳам жамоатчиликнинг норозилиги бўлган, ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов вазиятни юмшатиб, гап «таклиф киритиш» ҳақида кетаётганини айтганди, «ушбу таклиф ишлаб чиқилгач, лойиҳа шаклида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади... Шунда ҳам тўлиқ тақиқ бўлмайди, лекин қандайдир чегаралар қўйилади» деганди.
Ўшал кун келди.
Тўлиқ тақиқ қўйишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Энди савол: президент ва ҳукумат қарорлари қонундан устун бўла оладими?
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси:
«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир». (29-модда)
Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонун:
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга. (4-модда)
Очиқлик ва ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва ҳаққонийлик ахборот эркинлигининг асосий принципларидир. (5-модда)
Ахборот очиқ ва ошкора бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно (махфий ахборот турлари саналади, ЙПХ ходимлари фаолияти бу рўйхатда йўқ) (9-модда)
Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди. (8-модда)
«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига кўра ички ишлар органлари «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартибда ўз фаолиятини олиб бориши керак.
«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принципларидан бири.
«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга кўра, жамоатчилик назоратининг асосий принципларидан бири жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг оммавийлиги ва очиқлиги ҳисобланади. ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатларини суратга олиш ва жамоатчилик муҳокамасига қўйиш жамоатчилик назорати инструменти аслида.
Қонунларда шунча рухсат бериб, очиқлик кафолатланиб турган шароитда қонуности ҳужжатлари билан очиқлик ва шаффофликка тақиқ қўйишга уринишни нима деб баҳолаш мумкин?
Албатта, ИИВ бу ишни амалга оширмоқчи бўлса, қонун билангина тақиқлаши мумкин, лекин амалда парламент бунақа нормани ўтказмаслик эҳтимоли юқори.
ВМҚ лойиҳаси эса жамоатчилик муҳокамасига қўйилган экан, унга жамоатчилик жиддий қараши керак.
Умуман, ушбу чекловларни белгилаш ЙПХ ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни исботлаш имконини чеклайди, илгари мавжуд бўлган назоратсизлик, «лимит»ни бажариш учун ёппасига рейдлар орқали жарималарга тортилишлар, протоколлар сонини ошишига хизмат қилади, деб қўрқаман»
Шаҳноза Соатова
«Шахсий ҳаёт бошқа масала»
Ярани деб бутун аъзо кесиб ташланмайди ёхуд ИИВнинг ЙПХ ходимларини тасвирга олишни чеклаш бўйича ташаббуси ҳақида» фикрларимизни билдирдик.Аввало айтиш керакки, ахборот тарқатиш ҳуқуқи фуқароларга Конституция ва қонунлар билан берилган бўлиб, фақат қонун билан чекланиши мумкин. Қарор билан эмас.
Бюджетдан ойлик олиб ишлаётган ва фаолияти давлат ва ўзга сирлар билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳа вакилларини хизмат вақтида тасвирга олиб тарқатиш тақиқланмаганидек ИИВ ходимларини тасвирга олишни ҳам тақиқлаб бўлмайди. Шаън ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги эса бошқа масала, аралаштирманг.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев
«Қонунга риоя қилишни ўрганиш керак»
Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов мазкур фикрларга муносабат билдирган эди.Масалага ойдинлик киритсак.Бу қоидага риоя этиляптими? Аксарият ҳолда йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг фаолияти тасвирланган видеолавҳалар, айнан зиддиятли, шов-шувли ёки ходимни обрўсизлантирувчи шарҳлар билан, иккинчи томоннинг муносабатисиз ижтимоий тармоқларда тарқатилиши давом этмоқда.
- Ҳозирги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритишга «ихтисослашиб олган» ижтимоий тармоқ фаолларининг деярли барчасини ҳаракатлари амалдаги «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга зид. Яъни ҳар қандай маълумот, фақат текширилиб, холислигига ишонч ҳосил қилинганидан сўнг, ахборот сифатида тарқатилиши шарт.
Ҳа, сиз тўғри тушундингиз. Киритилаётган янги нормасиз ҳам нохолис ахборот тарқатиш ноқонуний. Қани айтинг-чи, барча ижтимоий тармоқ фаоллари холисликка риоя қиляптими? Тўғри, ахборотга аниқлик киритиб, уни холис тарқатиш, ушбу контентга омманинг қизиқишини кескин пасайтириб юборади, бу эса томошалар сони қисқаришига, пировардида даромадни камайишига олиб келади. Лекин, ким айтди, давлат органи ходимини обрўсизлантириш орқали даромад топиш, бу очиқлик, деб?
Фикр қилишингиз учун, мана бу рақамларга аҳамият беринг, 2021 йилда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 707 та салбий ахборот тарқатилган бўлса, уларни текшириш натижасига кўра, бор-йўғи 55 таси ўз тасдиғини топган. Айтишингиз мумкин, ҳа, буям бир ишда, тасдиқланмаган бўлса, кафтдек муносабат бериб қўйинг, шуни ўзи бўлади-да, деб.
- Орқага қайтиш, жамоатчилик назоратини бўғиш бўлаётганлигини иддао қилаётган ижтимоий тармоқ фаолларига савол, сизга ким жамоатчилик назоратини олиб боришингизга тўсқинлик қилмоқда? Ходимнинг фаолиятига халақит бермаган ҳолда тасвирга олинг, ноқонуний ҳаракат бўлди десангиз, муносабат сўранг, шикоят қилинг, холис ахборотни қўлга киритганингиздан сўнг, тарқатиш масаласини кўтаринг. Ким сизга халақит беради? Тўғри озгина кўпроқ ишлаш керак, изланиш керак, суриштириш керак. Лекин, ким айтди, ахборот тарқатиш фаолияти, осон даромад манбаи, деб?
- Кўчада атайлаб зиддиятли вазиятларни уюштириш, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик, ҳаттоки буни тарғиб қилиш, қоидани бузиб аламзада бўлаётган ҳайдовчиларнинг жазавалари, салбий ёки ноқонунийликка урғу берилган ёзувлар ёҳуд контекстдан юлиб олинган шарҳлар ва ҳоказо салбий контент, очиқликми? Ёки айнан шу мазмундаги видеолавҳаларга «заказ» бериб, уларни сотиб олиш ва тарқатиш, очиқликми? Ким бу саволларга жавоб беради?
Лекин бу қонунсизликнинг оқибати-чи? Ҳеч бир фуқаро ҳақиқатни билмасдан туриб ёзган салбий изоҳларни ўчирмайди, ижтимоий тармоқ фаоли ўша ходимни обрўсизлантиришга олиб келган контентини олиб ташламайди, ходимнинг яқинлари ёки фарзандларидан бориб, мен нотўғри қилибман, деб, узр сўрамайди.
Қани бу ерда очиқликни бўғилиши? Қонунга риоя қилишни талаб қилиш, очиқликни таъминланишини тартибга солиш бўйича норма ишлаб чиқиш, орқага йўлми?
Янги норма, юқорида баён этилган ноқонуний ахборот тарқатиш фаолиятга барҳам бериб, ҳақиқий шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги айни ҳақиқат. Буни инкор этишга ҳаракат қилманг. Очиқлик бу қонунсизлик эмас. Қонунни талаб қилишдан олдин, қонунга риоя қилишни ўрганиш керак.
Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов
Изоҳ (0)