Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Бухоро шаҳрига «Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Бухорога Бутунжаҳон ҳунармандчилик кенгашининг Осиё—Тинч океани минтақаси президенти Саад ал-Каддуми ҳамда профессор Али Ша Алнажадаханинг ташрифи пайтида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

«Ҳунарманд» уюшмасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Миршод Наимов маълум қилишича, Бутунжаҳон ҳунармандчилик кенгашининг Осиё—Тинч океани минтақаси президенти Саад ал-Каддуми ҳамда профессор Али Ша Алнажадаха Бухоронинг эски шаҳридаги ҳунармандлар фаолияти, уларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятларни ўрганган.

«Уларнинг ташрифидан мақсад Бухоро шаҳрига ‘Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри’ мақомини бериш бўйича хулосалар беришдан иборат эди. Шаҳримизнинг бу юксак хулосага эриша олгани барчамизнинг қувончимизга айланди. Маълумки, 2021 йилнинг 29 апрелида президентимизнинг Бухорода халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинган эди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг 21—25 май кунлари Бухоро шаҳрида биринчи халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш режалаштирилган. Худди шу фестивалда Бухоро шаҳрига ‘Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри’ мақоми бериладиган бўлди», — дейди Миршод Наимов.

Билдирилишича, Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари, жумладан, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ва бошқа вилоятлари ҳунармандлари ҳунармандчиликнинг 20 га яқин йўналишларида иш олиб боради. Бухорода эса ҳунармандчиликнинг 34 та йўналиши ривожланган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти 2007 йилда Тошкент шаҳри, 2020 йилда эса Бухорони Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар