Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, «Г.Ҳ.» МЧЖ табиий газдан фойдаланиш учун тегишли тартибда шартнома тузмасдан, 709,4 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланиб, муҳрлаш йўли билан тармоқдан узилган.
Бироқ департаментнинг Шароф Рашидов тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, ўзбошимчалик билан тармоққа қайта уланиб, табиий газдан фойдаланиш оқибатида давлат ва жамият манфаатларига яна 141,6 миллион сўм зарар етказилгани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги штаби томонидан март ойининг ўтган 15 куни давомида истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинганда уч вилоятда 7,6 миллиард сўмлик газ ўғирлангани аниқланганди. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
2022 йилнинг январь—февраль ойларида эса бир миллион хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганди.
Изоҳ (0)