Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбий ёки фавқулодда ҳолат шароитида ҳарбий маълумотларни чоп этишни кескин чекловчи қонунни имзолади.
«UNIAN» хабарига кўра, эндиликда қуйидагилар акс этган фотосурат ва видеоларни чоп этиш тақиқланади:
- Украина армиясининг ҳаракатлари ва ҳарбий иншоотлар;
- Отишма юз берган ёки снаряд тушган жойлар;
- Ракетанинг учиш траекторияси;
- Кўча, автобус бекатлари, дўконлар ва фабрикалар номлари;
- Украина ҳаво мудофаасининг иши;
- Манзиллар, визуал маълумотнома ёки жанговар координатали маълумотлар;
- Автомобильлар ва зирҳли машиналарнинг рақами;
- Яраланган ёки ҳалок бўлганларнинг исмлари.
Тақиқни бузганлар 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳарбий маълумотлар ёлланма ниятда ва олдиндан келишилган ҳолда эълон қилинган тақдирда эса максимал жазо қўлланилади.
Аввалроқ Украинада автомобиль ва мотоцикл ҳайдовчиларига видеорегистраторлардан фойдаланиш тақиқланган эди. Мазкур қарор Россия ҳарбий операцияси фонида Украина «мудофаа кучларининг вазифани бажариш ва бир жойдан бошқа жойга кўчишига» оид маълумотлар ошкор этилмаслиги учун қабул қилинган.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)