Тошкентда хаски зотли иккита итни ўлдирган эркакка нисбатан суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Меҳр ва Оқибат» жамияти хабар берди.
2022 йилнинг февраль охирида фуқаро А. Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Б.К.нинг иккита итини калтаклаб, ўлдирган.
Суд йиғилиши давомида хаскиларнинг эгаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси (ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш) бўйича 135 минг сўм жаримага тортилган.
Итларни ўлдирган қўшни эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) бўйича айбли деб топилган. Эркакка нисбатан 1,350 миллион сўм миқдорида жарима белгиланган.
Таъкидланишича, «Меҳр ва Оқибат» вакиллари суд қароридан норози. Суд мажлисида фуқаро А. қилган ишидан пушаймонлигини билдирмаган.
Аввалроқ Навоийда номаълум эркак болалар кўз ўнгида итни отиб ташлагани, Андижонда таҳқирланган бўри «хаски» зотли ит бўлиб чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)