Наманган вилоятининг Косонсой туманида Қирғизистондан олиб келинган «АКС-74» жанговар ўқотар қуролини сотишга уринган шахс қўлга олинди.
Маълум қилинишича, 39 ёшли фуқаро А.О. Жалолобод вилояти Олабуқа туманига бориб, 1 дона «АКС-74» жанговар ўқотар қуроли, 3 дона ўқдон ва 43 дона ўқ-дориларни олган ҳамда контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказган. Аниқланишича, ушбу фуқаро муқаддан Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш) ва 182 (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) моддалари билан судланган.
ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда А.О. ушбу қурол ва ўқ-дориларни Наманган шаҳрида сотмоқчи бўлганида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 246 (контрабанда) ва 248-моддалари (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан олдин Тошкентда ўқотар қуролни 2 минг долларга сотмоқчи бўлган йигитлар ушланган эди.
Изоҳ (0)