Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси вақтинча Львов шаҳрига кўчирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий вакили хабар берди.
Таъкидланишича, элчихона дипломатлари томонидан мунтазам равишда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда. Украинанинг турли ҳудудларида жойлашган ватандошлар билан доимий алоқалар ўрнатилган.
Элчихонанинг электрон почта манзили: embassy@uzbekistan.org.ua.
Март бошларида Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги вазият туфайли Ўзбекистон элчихонасини бошқа шаҳарга кўчириш масаласи режалаштирилмаётганини маълум қилганди. «Айни пайтда бизнинг асосий устувор вазифамиз Украинадаги мавжуд оғир вазиятни инобатга олган ҳолда барча Ўзбекистон фуқароларини хавфсиз эвакуация қилишни таъминлашдир. Элчихонанинг бошқа ҳудудга кўчирилиши бу жараёнлар самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради. Шу нуқтаи назардан ҳозирда элчихонамизни Киевдан кўчириш масаласи кўриб чиқилмаяпти», — дейилганди хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларга Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқишлари лозимлигини билдирганди. Ушбу фуқароларнинг кейинчалик ватанга эвакуация қилинишини ташкил этиш учун элчихона томонидан уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. 10 март куни Молдовадан 98 нафар Ўзбекистон фуқаросини Бухарест шаҳри (Руминия) аэропорти орқали эвакуация қилиш ишлари якунланган.
Украина фуқаролигини олган ёки ўзбекистонликлар билан оила қурган бошқа давлат фуқаролари ушбу давлатдан пуллик асосда эвакуация қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)