Янги ташкил этилган тузилмалар — Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасида тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Нигоҳ» канали хабар қилди.
Қайд этилишича, Содиқжон Турдиев, Абдулла Турсунов ва Мухтар Мухитдинов маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларига тайинланган. Турдиев бунгача у маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари бўлган. Турсунов Президент администрацияси масъул ходими сифатида, Мухитдинов эса Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосарлари ҳам тайинланган. Озода Парпибаева қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Раъно Турдибоева ва Нодира Эгамбердиева раис ўринбосарлари бўлди.Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида президент фармонига асосан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тузилиши муносабати билан Маҳалла вазирлиги номи ўзгартирилиб, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилган. Ўшанда Турсинхон Худойберганов маҳалла вазири лавозимига тайинланган.
Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси раҳбарлигига эса Зулайҳо Маҳкамова номзоди депутатлар томонидан маъқулланган. Шавкат Мирзиёев 1 март кунги видеоселектор йиғилишида Маҳкамовани янги лавозимга тайинлади.У 2020 йилнинг мартидан буён Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Шавкат Мирзиёев тайинловга изоҳ бериб, «Мен кўпдан бери ният қилиб юрардим, шу лавозимга қишлоқдан келса, ерни билса, ҳақиқатни билса, ҳозирги ислоҳотларимизни қадрига етса ва аёлларни орқасидан эргаштирадиган раҳбар керак эди», — деган эди.
Изоҳ (0)