Украинада уруш ўн бир кундан буён давом этмоқда. Бутун дунё бунга қарши норозилик билдирмоқда, жумладан, 6 март куни Россия шаҳарлари бўйлаб минглаб одамлар кўчаларга чиқди — улардан 4400 га яқини ҳибсга олинди. Украинада эса Мариуполдан ва Киев вилоятининг Ирпен шаҳридан тинч аҳолини эвакуация қилишга уринишлар муваффақиятсиз тугади. Россия томони Украина армияси эвакуацияга халақит берганини даъво қилмоқда, Украина оммавий ахборот воситалари рус қўшинлари одамларга қарата ўқ узганини ёзмоқда. Meduza 6 март, урушнинг ўн биринчи кунида Россия ва Украинада юз берган асосий воқеалар ҳамда уруш зонасидан олинган фотосуратларни тақдим этди.
Украина билан урушга қарши бутун Россия бўйлаб акциялар ўтказилди. Улар Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Екатеринбург, Қозон, Перм, Красноярск, Иркуцк, Калининградда — жами 50 дан ортиқ шаҳарларда бўлиб ўтди. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, кун якунига қадар полиция тўрт ярим мингга яқин одамни ҳибсга олган. Москванинг ўзида 1500 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган. Полиция шафқатсизларча йўл тутган: ҳибсга олинганларнинг бир қисмини калтаклаган, шовқин тарқатувчи қуроллардан фойдаланган.
Москвадаги акция чоғида қўлга олинган бир гуруҳ одамларни олиб кетаётган вагонли машиналардан бири аварияга учради. У бошқа машина билан тўқнашиб, устунга урилган ва ағдарилиб кетган. Одамлар томдаги люк орқали вагондан чиқишга муваффақ бўлган. Улардан баъзилари тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Мариупол аҳолисини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ҳалигача очилмади. 5 март куни тинч аҳолини эвакуация қилиш учун «сукунат режими» бўйича келишувга эришилганди, бироқ жанговар ҳаракатлар давом этди ва можаро томонлари бир-бирини келишувларни бузганликда айблади. 6 март куни Украина расмийлари «сукунат режими» соат 10:00 дан 21:00 гача қайта ўрнатилишини, эвакуация эса 12:00 дан бошланишини эълон қилди. Аммо бу амалга ошмади. Мариуполда жанг қилаётган Украинанинг «Азов» полкининг айтишича, эвакуацияга Россия қўшинлари тўсқинлик қилган, улар ўқ узишда давом этган. Донецк эса сукунат режимини «тинч аҳоли колоннасини отиб ташлаган» «Азов» жангчилари бузганини даъво қилмоқда.
Россия қўшинлари Харьковга янги авиазарбалар беришни бошлади. Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченконинг айтишича, Украина Қуролли кучларининг Ҳарбий ҳуқуқ-тартибот хизмати биноси ва яқин атрофдаги турар жой бинолари, шунингдек, поликлиника ва телеминорага зарба берилган. Украина ҳарбийларининг даъво қилишича, Россиянинг Су-25 самолёти Харьков осмонида уриб туширилган, учувчи чап беришга улгурмаган.
6 март куни Винницадаги аэропорт Россия армиясининг нишонига айланди. Украина президенти Владимир Зеленский 8 та ракета ҳужуми натижасида аэропорт бутунлай вайрон бўлганини айтди. Зеленский Ғарб давлатларини Украина осмонини парвозлар тақиқланган ҳудуд деб эълон қилишга яна бир бор чақирди. Аввалроқ НАТО Россия билан тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувга йўл қўймаслик учун бундан бош тортганди.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг жанговар шай ҳолатдаги самолётларининг деяри барчаси йўқ қилинганини маълум қилди. Вазирлик расмий вакили Игорь Конашенковнинг сўзларига кўра, икки кун ичида, 5—6 март кунлари Украина ҳарбий-ҳаво кучлари 11 самолёт ва иккита вертолётидан айрилган. Умуман олганда, «махсус операция» бошлангандан бери Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украинанинг 93 та самолёти, шунингдек, 778 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техникаси йўқ қилинган.
Ҳарбий ҳаракатлар шароитида ҳатто расмий манбалар тарқатаётган маълумотни ҳам тезда тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Шунингдек, 6 март куни:
- Visa ва Mastercard тўлов тизимлари Россиядаги фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Улар ўз қарорини Россиянинг Украинага бостириб кириши ва ноаниқ иқтисодий вазият билан изоҳлади. Россияда чиқарилган Visa ва Mastercard карталари мамлакатда ишлашда давом этади, чунки улар бўйича операциялар Миллий тўлов карталари тизимида амалга оширилади. Карталар чет элда ишламайди. Бундан ташқари, улар ёрдамида хорижий онлайн-дўконлардан харидлар учун тўловларни амалга ошириб бўлмайди.
- «Роскомнадзор» рус нашрларининг сайтини оммавий блоклашни давом эттирди. «Медиазона», Republic, «7×7», «Псковская губерния», «Троицкий вариант», «Сноб», «Собеседник», «Агенство», Челябинскнинг «Лентачел», Новокузнецкнинг «Кузпресс», Пермнинг «Звезда» нашрлари сайти блокланди.
- «Медиазона» таҳририяти баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, нашр «Украинада бўлаётган воқеаларни ҳалол ёритгани ва босқинни босқин, урушни эса уруш деб атагани учун» блокланган. «Медиазона» фаолиятини давом эттиришга ваъда берди. У сайтнинг ойнасини яратди, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини санаб ўтди ва нашрнинг электрон почтаси борлигини эслатди.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)