Visa ва Mastercard халқаро тўлов тизимлари Россиядаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Россияда чиқарилган Visa ва Mastercard карталаридан чет элда ҳам Apple Pay ва Google Pay ҳамёнларида ҳам фойдаланиб бўлмайди, хорижий молия институтлари томонидан чиқарилган карталар эса Россияда ишламайди.
«Россиянинг Украинага бостириб кириши ва биз гувоҳи бўлиб турган бугунги воқеалар туфайли ушбу қадамни қўйишга мажбурмиз. Мазкур уруш ҳамда тинчликка ва барқарорликка доимий таҳдидлар биздан қадриятларимизга мувофиқ жавоб беришни талаб қилади», — дейилади Visa баёнотида.
«Барчамиз учун янада ижобий, самарали ва тинч келажак умидида ушбу қадамни ташлаб, бошқа кўпчиликка қўшиляпмиз», — дейилади Mastercard изоҳида.
Россия Марказий банкининг тушунтиришича, Россия банклари томонидан чиқарилган барча Visa ва Mastercard карталари Россияда одатдагидек ишлашда давом этади, чунки улар бўйича операциялар Миллий тўлов карталари тизимида амалга оширилади.
Бироқ Visa ва Mastercard билан трансчегаравий операциялар амалга оширилмайди. Бу хорижий онлайн-дўконлардан харидлар учун тўлов қилишга ҳам, чет элда ушбу карталардан фойдаланишга ҳам тааллуқли бўлади.
«Хорижга саёҳат қилганда, нақд пул ва айрим давлатларда амал қиладиган ‘Мир’ картасини олиш тавсия этилади. Бугунги кунда ушбу карта Туркия, Вьетнам, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Осетия ва Абхазияда амал қилади», — дейилади Марказий банк хабарида.
Аввалроқ Жаҳон банки Россиядаги дастурларини, Apple Россияда маҳсулот сотишни тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)