Тошкент шаҳрида чет элдан келтирилган гилослар юқори нархларда сотилмоқда. «Дарё» мухбири пойтахтдаги бир нечта бозор ва дўконларда бўлиб, мазкур турдаги гилос нархларини ўрганди.
Пойтахтдаги Korzinka дўконлар тармоғида гилоснинг 1 килоси 484 минг 900 сўмдан таклиф этилмоқда. Ушбу гилос Аргентинада етиштирилгани кўрсатилган. Шунингдек, «Олой» бозорида ҳам гилос сотилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. У ерда Korzinka’га нисбатан бироз арзонроқ нархларда — 400-450 минг сўмдан сотилмоқда.
Тошкентдаги йирик бозорлари — «Чорсу» ва «Қўйлиқ»да ўтказилган кузатишларда гилос сотув расталарида йўқлиги аниқланди.
Ўзбекистонда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўм этиб белгиланган. Ойига шу миқдордан кам пул топган ўзбекистонлик ночор фуқаро ҳисобланади. Кўринадики, бир кило гилос минимал истеъмол харажатларидан юқори баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистонда гилос мавсуми 2020 йилгига нисбатан 10 кун кейинроқ бошланган ва гилосларнинг биринчи улгуржи партияси 35 фоиз қимматроқ сотилган.
Изоҳ (0)