Ислом молияси соҳасида фаолият олиб борувчи IMAN финтек компанияси 1 млн доллар миқдордаги инвестицияни ўзига жалб қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати «Дарё» га маълум қилди.
Battery Road Digital Holdings, Tesla Capital, Le Mercier’s Capital, Uzcard Ventures, IT-Park Investments ва Vector Crypto Capital каби олтита венчур фонди компания сармоядорларига айланди.
Жалб қилинган пуллар мобил иловалар, таълим лойиҳалари, шунингдек, янги бозорлардаги имконият ва шароитларни ўрганишга сарфланади.
Жамоа асосан мусулмонлар яшайдиган ва электрон тижорат юқори даражада ривожланган мамлакатларга кириш режаларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиб бўлган.
Компания иккита маҳсулотни тақдим этади: IMAN Invest сармоялар хизмати ва IMAN Pay муддатли тўлов хизмати.
Аввалроқ Ўзбекистонда ислом молияси ва ислом банкингини тарғиб қилиш ишлари бўйича муҳокамалар кетаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)