Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида маст ҳолатда танишини пичоқлаб ўлдирган шахсга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканали орқали эфирга узатилган лавҳада маълум қилинди.
Маълум қилинишича, 25 ёшли судланувчи шериги билан (1971 йилда туғилган) қурилиш ишлари кетаётган ҳудуддаги ишларини тугатиб, 100 минг сўм иш ҳақи олган. Ишлаб топилган пулларга спиртли ичимлик сотиб олиб, биргаликда ичган.
Шундан сўнг улар жабрланувчининг уйига қайтишган ва орада юзага келган оғзаки низо пичоқлашувгача борган.
«Иккинчи марта жанжал бошланганида у биринчи бўлиб пичоқ олган, кейин мен ҳам ўзимни ҳимоя қилиш учун пичоқ олганман... Экпертларнинг айтишича, 39 марта пичоқ урибман. Қилган ишимдан пушаймонман», — дея таъкидлайди судланувчи.
Таъкидланишича, у қилган иши жиноят эканини билган ҳолда ички ишлар ходимларига қўнғироқ қилган, марҳум олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Судланувчига Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «ж» банди, 168 модда (фирибагарлик) 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) қўлланилиб, 15 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Аввалроқ Тошкентда аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйгани, Наманганда 35 ёшли маст эркак ҳақорат қилгани учун синфдошини пичоқлагани, Андижонда уйига келиб жанжаллашган қайнопасини пичоқлаб, ўлдирган йигитга суд ҳукми ўқилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)