Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ёзишича, йиғилишда божхона тизимида келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича вазифа қўйилган.
Йиғилишда, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб берилган:
- Олот, Гулистон, Термиз ва бошқа ҳудудлардаги олис постларда ишлайдиган ходимлар учун хизмат уйлари барпо этилади;
- жорий йилда уй-жойга эҳтиёжи бор 100 нафар ва ҳар йили камида яна шунчадан ходим имтиёзли ипотека билан таъминланади;
- божхона ходимлари ва уларнинг фарзандлари учун олий ўқув юртларига киришда алоҳида квота ажратилади.
«Соҳада адолат, ҳалоллик ва тартибни жорий қилишни хоҳлар эканмиз, тизимга аёл ходимларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз шарт», — деган давлат раҳбари. Шу муносабат билан келгуси икки йилда аёллар улушини камида 2 баробарга ошириш бўйича ишларни ҳозирдан бошлаш вазифаси қўйилган.
Аввалроқ Ўзбекистон божхона тизимида ходимлар даромади ва мол-мулкини декларация қилиш жорий этилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)