Самарқанд вилояти Пайариқ тумани «Деҳқонобод» маҳалласидаги 18-умумтаълим мактаби атрофидаги дарахтларнинг кесиб ташлангани тўғрисида хабар берилган. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Дарё»га мазкур ҳолат бўйича масъуллар жавобгарликка тортилганини маълум қилди.
Таъкидланишича, Пайариқ тумани «Истиқлол» маҳалласида жойлашган 18-умумтаълим мактаби («Дарё»нинг журналистик суриштирувида ушбу мактаб «Деҳқонобод» маҳалласида жойлашган деб кўрсатилган эди) ҳудудидаги «носоғлом» баҳонаси билан дарахтлар рухсатсиз кесилгани маълум бўлган. Мактаб директори Саидаҳмад Салимов ҳамда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Тўлқин Шамсиевга тегишли тартибда интизомий жазо чораси қўлланилган.
Теракларнинг кесилишига масъул бўлган мактабнинг чақириққа қадар ёшларни тайёрлаш раҳбари Ихтиёр Ҳамидовга туман экология ва атрофни муҳофаза қилиш бўлими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида 1,35 миллион сўм миқдорда жарима қўлланилган.
Шуниндек, мактабнинг эски биноси ўрнидаги хандақнинг ичидаги ахлатларнинг тўпланишида эътиборсизликка йўл қўйган мактаб директори Саидаҳмад Салимов ҳамда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Тўлқин Шамсиевга тегишли тартибда Маъмурий жавобгарлик тўрисидаги кодексининг 91-моддаси 1-қисмлари билан БҲМнинг 10 баравари миқдорида (2,7 миллион сўм) жарима қўлланилган.
Бундан ташқари, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Тўлқин Шамсиев ўз ишига масъулият билан ёндошмагани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Аввалроқ Қарши давлат университетида 40 га яқин дарахт кесиб ташлангани ва Бош прокуратура ҳолатни ўрганишни бошлагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)