SpaceX бош директори Илон Маск Лех Фридманнинг YouTube’да эълон қилинган подкастида ҳозирги шароитда одамларни Марсга юбориш триллион долларга тушишини айтди.
«Биз Марсни мустамлака қила олмаймиз, чунки бу ҳозирча жуда қиммат. Айни дамда одамларни Марсга жўнатиш бир триллион долларга тушади. Гап шундаки, бунинг учун биргина ракеталар камлик қилади, одамларга тиббий асбоб-ускуналар, алоқа воситалари керак», — дейди тадбиркор.
Шунингдек, у қуёш энергияси билан ишлайдиган ерости гидропоник фермаларидан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи таъминлайдиган колония шаҳарлар қурмоқчилигини айтди. Бу эса экинлар етиштириш, одамларга озиқ-овқат етиштириш учун шароит яратади.
Маск одамларни Марсга беш-ўн йил ичида олиб чиқишни режалаштираётганини, ҳозир унинг муҳандислари Қизил сайёрага колонистлар ва юкларни ташиш харажатларини камайтириш йўлларини излаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Маск Марсни ўзлаштириш жараёнида анча-мунча одам қурбон бўлишини айтганди. Унга кўра, Марсни ўрганиш бадалини сайёрага борган биринчи кўнгиллилар ҳаёти билан тўлашга тўғри келиши мумкин.
2020 йилда Маск ўз компаниясининг олти йилдан кейин биринчилардан бўлиб Марсга одам етказиши мумкинлигини айтган эди. «Агар омадимиз келса, тўрт йилда ҳам бўлиши мумкин», — деб тахмин қилган у.
Изоҳ (0)