Ўзбекистон йўлларида шовқин баландлигини ўлчовчи радарлар пайдо бўлиши мумкин, деб хабар беради Адлия вазирлиги. Мазкур қурилмалар баланд шовқин чиқарадиган автомобилларни аниқлашга қодир.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий қонунчилик ҳамда жорий амалиётни ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, бугунги кунга қадар мамлакатда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.

Мисол учун, «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.

Шунингдек, айни пайтда «тунги вақт» бўйича ягона тушунча мавжуд эмас, масалан, ушбу вақт Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасига мувофиқ – 23:00 дан 06:00 гача, «Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши ҳудудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари»га (SanPiN 0267-09-сон) мувофиқ эса – 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланган.

Таъкидлаш керакки, ушбу соҳада маълум илмий изланишлар мавжуд эмас. Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида шовқин соҳасида фақат битта кенг қамровли тадқиқот ўтказилган.

Бир қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Мисол учун, Японияда 1968 йилги «Шовқинни тартибга солиш тўғрисида», АҚШда 1972 йилги «Шовқинни назорат қилиш тўғрисида», Буюк Британияда 1996 йилги «Шовқин тўғрисида» қонунлар мавжуд.

«Францияда автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган, ушбу тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади», — дейилади хабарда.

Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган шовқинга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Хусусан:

  • шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш;
  • рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш;
  • белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш.

Мазкур тавсияларни амалга киритиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ривожланган хорижий давлатлар мисолида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилиб, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар ҳам масъул идораларга тақдим этилган.

«Ушбу ташаббусларнинг имкон қадар тезкорлик билан амалга оширилиши жамият ҳаётини яхшилаш, шовқиннинг салбий таъсирига барҳам бериш, шунингдек, зарарли меҳнат шароитларига эга ишчилар ҳамда шовқин таъсири мавжуд ноқулай ҳудудларда яшовчи аҳоли учун адолатли компенсация тўловлари жорий этилишига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда радар ва камера ўрнатиладиган 69 та ҳудуд аукционда салкам 21 миллиард сўмга сотилгани, Самарқандда «авария ўчоқлари»ни назорат қилиш учун мобил радар билан жиҳозланган 5 та Cobalt ажратилгани тўғрисида хабар берилганди.