Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий гвардия таркибидаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига ҳар йили 100 нафар ўқувчи саралаб олинади. Бу ҳақда 25 январь куни ҳарбий-академик лицейга уюштирилган пресс-турда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Лицейнинг тарих фани ўқитувчиси Ислом Иноятовнинг айтишича, «Темурбеклар мактаби»га март ойидан саралаш бошланади.

«Лицейимизда ўқишни истаган 9-синф битирувчилари март ойларида ўзлари яшайдиган туманлардаги мудофаа ишлари бўлимларига мурожаат қилишлари лозим. Улар махсус танловдан ўтишлари керак. Танлов жараёнларида аввало ўқувчининг соғлиги талабга жавоб бериши керак. Иккинчидан, билим даражаси. Билим даражасини синаш учун мудофаа ишлари томонидан диктант олинади. Ундан кейин, жисмоний тайёргарлиги, бир километрга ҳамда 60 метрга югуриш машқларини топширади», — дейди у.

Лицей ўқитувчисининг қўшимча қилишича, ўқувчининг ҳарбий касбга лаёқатини аниқлаш мақсадида психологик тест олинади.

«Синовлардан ўтган ўқувчиларнинг ҳужжатлари мудофаа ишлари бўлимлари томонидан ‘Темурбеклар мактаби’га юборилади. Сўнгги босқичда ўқувчилар Давлат тест маркази томонидан белгилаб берилган тест имтиҳонларидан ўтади», — дейди Ислом Иноятов.

Таъкидланишича, 2021/2022 йилги ўқув йили учун республика бўйлаб «Темурбеклар мактаби»га 1250 тадан ортиқ ҳужжат келиб тушган. Шундан 100 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинган.

«Бу ерда ўзимдек аҳди қатъий тенгқурларим кўп экан. Мен ‘Темурбеклар мактаби’га бир неча имтиҳонлардан, синовлардан сараланиб муваффақият билан ўтдим. ‘Темурбеклар мактаби’да бизларнинг пухта билим олишимиз ва жисмоний чиниқишимиз учун Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан шарт-шароитлар яратиб берилган. Бу шароитлардан биз ‘Темурбеклар’ самарали фойдаланиб, Ўзбекистон халқига, президентига садоқат билан хизмат қиламиз», — дейди лицей ўқувчиларидан бири Илғоржон Каримов.

Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ҳаётга тайёрлаш, келгусида ўз йўлини топишга қаратилган давлат сиёсатини ижроси сифатида мазкур лицейга жорий ўқув йилида 10 нафар меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари қабул қилинган.

Маълумот учун, лицей битирувчиларига олий таълим муассасаларига киришда қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Хусусан, олий ҳарбий билим юртига кирмоқчи бўлган ўқувчиларга тестда йиғган баллининг 30 фоизи, фуқаролик олий ўқув юртларига кирмоқчи бўлган ўқувчиларга тестда йиғган баллининг 15 фоизи қўшилади. Шунингдек, лицей битирувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам берилади.

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 7 январь куни «Темурбеклар мактаби»да Амир Темур меросини ўрганиш марказида ёшлар билан суҳбатда шундай деган эди:

«Мана шундай илғор мактабда ўқиётганингиз билан сизларни, ота-оналарингизни табриклайман. Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан! Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак. Мана, бу мактабда психология фанини ҳам киритдик, униям яхши ўрганинг. Сизларда ҳамма имконият бор».