Президентнинг «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, қандли диабет касаллигига чалинган беморларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, эндиликда 25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан, қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилиги билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан бепул таъминланади.

Шунингдек, 25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан бепул таъминланади. Беморларга бепул бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар марказлашган тартибда харид қилинади ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари орқали тақсимланади.

Бундан ташқари, тиббиёт бригадалари глюкометрлар билан таъминланади. 2022 йил 1 апрелга қадар:

  • зарур глюкометр, махсус тест япроқчалари ҳамда игналар марказлашган тартибда харид қилинади ва тиббиёт бригадаларига етказилади;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида белгиланган стандартларга мувофиқ жиҳозланган шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилади;
  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги эндокринолог шифокор хоналари зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланади.