Тошкентда фуқаро пневматик қурол билан машинага ўқ узгани ҳақида хабар берилганди. Шаҳар ИИББ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳуқуқбузарлик юзасидан суд бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, фуқаро С.З. қўллаган пистолет спорт пневматик қуроли экани аниқланган. Қурол тўғрисидаги қонунга кўра, мазкур қуролни фақатгина спорт майдончаларида қўллашга рухсат этилган.

Судда айбланувчилар ўзининг қилмишидан пушаймон эканини айтиб, узр сўраган. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузгани учун С.З ва у билан жанжаллашган Г.А.га нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди.

Унга кўра, С.З. ва Г.А.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) биноан 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, бундан ташқари, айбланувчи С.З.га БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима тўлаш мажбурияти юклатилди.