Ўзбекистонда Умра зиёрати қачондан бошланиши ва унинг нархлари ҳақида маълумот берилганди. Унда 2020 йил февраль ойига қадар Умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлаши ҳам келтириб ўтилганди.

Ижтимоий тармоқларда ушбу қўшимча тўлов борасида турли мулоҳазалар билдирилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси шу юзасидан баёнот берди.

Идоранинг қайд этишича, коронавирус пандемияси умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди.

«Биринчидан, ҳар бир фуқаронинг сафарга чиққандан то она Ватанга қайтиб келгунга қадар эпидемиологик меъёрларга жавоб берадиган ташкилий ва тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилди. Бунинг устига қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилди.

Иккинчидан, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоат-у ибодатга сарфлаши учун Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли «Пулман зам-зам» ва Байтуллоҳ атрофидаги «Жабал Умар» ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Қиёс учун, олдинги йилларда зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 километр бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган.

Булар зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифларда адо этиш, дуо-ю илтижолар билан банд бўлишда енгиллик беради. Йўл, таомланиш ва бошқалар учун кетадиган вақтни тежайди. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт ва ишчи гуруҳлари хизмат кўрсатади», – дейилади хабарда.

Шунингдек, идоранинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда муқобил таклиф билан чиқаётган баъзи ширкатлар Умра хизматини кўрсатиш учун янгиланган рухсатномага эга эмас.

Олдинги узоқ йиллик ҳамкор ширкат ҳам пандемиядан кейин лицензия ололмагани учун бошқа, имконияти кенгроқ «Абу Сарҳад» ширкати билан шартнома имзоланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

«Қўшимча тўловлар юзасидан яна бир жиҳат. Ҳар бир Ҳаж ёки умра мавсуми тўловлари учун алоҳида ҳисоб рақам очилади ва сарф-харажатлар амалга оширилади. Маблағлар банкдаги махсус ҳисоб рақамда сақланади. Маблағлардан муборак сафарга тегишли йўналишлардан бошқа мақсадда фойдаланишга имконият мавжуд эмас.

2020 йил февраль ойига қадар Умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилди. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда.

Мўмин-мусулмонларни Умра ибодатига бошчилик қилишда кўп йиллик тажрибага эга, диний мутахассислар билан таъминлайдиган ва бу борада ваколатли, расмий ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали муборак сафарни хавфсиз адо этишга чақирамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мунтазам равишда халқимизнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда умра сафари нархларини мақбуллаштиришни давом эттиради, бу борада янгиликлар бўлса, расмий матбуотда эълон қилади.

Сўзимиз якунида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда ахборот тарқатувчилардан тўлиқ ўрганилмаган ахборот тарқатиш шаръий жиҳатдан тўғри эмаслиги ва қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини ҳисобга олиб, бирор хабар эълон қилишдан олдин иккинчи томоннинг ҳам фикрини олишлари учун доимий ҳамкорликка тайёрлигимизни билдирамиз», – дея баёнотни якунлаган идора.