Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида яшовчи ўқувчи «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида биринчи ўрин олгани ва унга ишлатилган ноутбук совға қилингани тўғрисида хабар берилганди. IТ Park ҳолатга ғолиб ўқувчига янги компьютер совға қилинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мусобақа вилоят ҳокимлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган. 2022 йилнинг 6-7 январь кунлари танловнинг шаҳар ва туман босқичлари ўтказилиб, унинг якунига кўра вилоят босқичига йўлланма олган ғолиблар аниқланган. Вилоят босқичида 180 нафар ўқувчи қатнашган. Ғолибларга ноутбук, иккинчи ўрин соҳибларига планшет, учинчи ўрин эгаларига эса мобил телефонлар совға қилинган.
Шу билан бирга, шаҳар ва вилоят босқичлари ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилиб, биринчи ўрин ғолибига ноутбук, иккинчи ўринга смартфон, учинчи ўринга эса электрон китоблар топширилган.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада акс этган 15 ёшли Сардор Сатторов танловнинг туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўл олган, аммо совринли ўринни қўлга кирита олмаган. Ташкилотчилар томонидан йўл қўйилган хатолик туфайли унга ноутбук ўрнига смартфон совға қилинган», — дейилади хабарда.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил этилиб, унда ҳокимлик вакиллари барча айбдорлар жазоланишини маълум қилган.
Ғолибга янги компьютер совға қилинган. Шунингдек, IT Park делегацияси ёш мутахассислар билан суҳбатлашиб, келгусида фаолиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга Python дастурлаш тили ва IТ учун инглиз тили бўйича бепул курслар тақдим этган.
Бундан ташқари, ёш истеъдод эгаларига Coursera платформасида мавжуд махсус курсга бепул кириш имконияти берилиб, уларга бренд совғалари улашилган.
Изоҳ (0)