Шавкат Мирзиёев раислигида 17 январь куни ихтисослаштирилган мактабларда таълим ва тарбия сифатини тубдан ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бошланди. Президент йиғилишда ихтисослашган мактаблар фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди, деб хабар қилмоқда Президент матбуот котиби.
Қайд этилишича, бундай мактабларда ўқувчилар халқаро таълим дастурлари асосида замонавий ўқув дарсликлари билан таъминланади. 9-синфга келиб ўқувчилар камида 1 та хорижий тил бўйича миллий ва халқаро сертификат олишлари таъминланади.
Шунингдек, юқори синф ўқувчиларининг бевосита корхоналарда амалиёт ўташи тизими жорий қилинади. Мактабларга ихтисослигидан келиб чиқиб Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ва олийгоҳларнинг кафедралари бириктирилади.
«Умуман, ихтисослашган мактаблар таълим, илм ва амалиётни ўзига қамраб олган ягона кластер доирасида фаолият юритиши керак», — деган президент.
Изоҳ (0)