Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонликлар харид чекини рўйхатдан ўтказиш орқали 7 миллиард сўмдан ортиқ кэшбэк йиғди. Бу ҳақда ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев 17 январь куни бўлиб ўтган солиқ маъмуриятчилигидаги янгиликлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Дарё» мухбири Оғабек Самисовнинг сотувчиларнинг терминалдан ечмасдан, пластик карточкага тўлов тизимлари орқали ўтказиб беришни сўраши муаммоси бўйича қандай ишлар қилинаётгани ҳақидаги саволга Шерзод Кудбиев шундай жавоб берди:

«Сиз ярамизни очиб, туз сепиб, яна ёпиб қўйдингиз. Энг катта қилган ишимиз шу бўлдики, президент фармони билан онлайн касса машиналарини ишлатиш бўйича қатор талаблар кучайтирилди. Энг катта талаблардан бири онлайн касса машинасидан иккита чек – алоҳида кассанинг чеки, алоҳида терминал чекини бериш тўхтатилсин, битта чек берилсин, дейилди».

Унинг сўзларига кўра, бу борада амалга оширилган ишлардан яна бири харид чекини рўйхатдан ўтказиш орқали кэшбэк йиғиш бўлди.

«Мен ўзим ҳам анчагина кэшбэк йиғиб қўйдим. Бугунги кунда аҳолининг жами кэшбэк суммаси 7 миллиарддан ошди. Исталган харидингиздан бир фоиз оласиз. Курашиш йўли фақат қамчи билан бўлмайди. Энди одамлар ўзи курашиши керак. Сиз, мен ва бошқалар. Агар ҳамма кэшбэк сўраб, бир фоиздан йиғса, тома-тома кўл бўлади. Биз энди 7 миллиард сўм пулни халқимизга қайтариб беришимиз керак. Лекин шу кэшбэк учун ҳам танқид бўлди. Танқид жуда тўғри нарса, танқид фаол фуқаролик хизмати бўлгани учун бўлади», – дея қўшимча қилади у.

Шерзод Кудбиев фуқароларга дўконларда чек берилмаса, фуқаро ўша дўконнинг QR кодини сканер қилиб туриб «Солиқ ҳамкор» тизимига киритиши кераклигини ҳам айтиб ўтди.

«Агар QR код қўйилмаган бўлса ҳам дўконни суратга олиб, чек берилмаганини айтиб, ариза берилса, биз аризани кўриб чиқамиз ва бунинг натижасида дўконга 5 миллиондан 20 миллионгача жарима қўллаймиз. Агар жарима бир ой ичида тўланса, 50 фоизи тўланади. Қанча жарима ундирилса, 20 фоизи ариза берган инсонга берилади», – дейди у.

ДСҚ раиси ўзи билан боғлиқ бир ҳолатни эслаб ўтди.

«Мен ўзим бир дўкондан чек олдим. Уйга келиб, чекни киритаман десам, ўша чек ўтмаяпти. Кейин дарров Ахборот-коммуникация технологиялари департаменти раҳбари Ҳаёт Насруллоевга қўнғироқ қилдим. У менга чеким рўйхатга олинганини айтди. Кейин бунинг тагига етдик – чекни олган вақтда сотувчи иккита чек чиқарган ва ўзига кэшбэкни олган. Агар кимдадир шундай ҳолат бўлса бизга мурожаат қилинса биз буни тўғрилаймиз», – деди у.

Ҳаёт Насруллоевнинг қўшимча қилишича, «агарда кимдир чекни рўйхатдан ўтказган бўлса, ким рўйхатдан қачон ўтказганлиги ва унинг телефон рақами чиқади».

«Сиз шу инсон билан ҳам қўнғироқлашишингиз мумкин. Ҳақиқий чек қўлингизда бўлса ва шундан кейин солиқ идорасига мурожаат қилсангиз, буни кўриб чиқамиз», – дея қўшимча қилади у.

«Бу соҳада ҳам ишларни давом эттирамиз. Чек бермаганларга кескин чоралар кўрилади. Чекни одамларнинг ўзлари сўраши керак. Қамчи йўли билан ёки солиқ назорати тадбирлари билан буни тўғрилаш қийин бўляпти. Чекнинг пули нега бирданига тушмаяпти? Масалан, сиз дўкондан ручка сотиб олдингиз. Лекин кейинроқ сиз бу ручкани қайтариб бериш ҳам ҳуқуқингиз бор. Ҳисобот даври тугамагунча ёки бу чекни ўзгартириш бўлмагунча вақт ўтади. Битта ҳисобот даври тугагандан кейин келаси ҳисобот даврининг 20-санасигача чекларнинг пулларини юклаб олиш имконияти бўлади», – дея сўзини якунлади Шерзод Кудбиев.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 24 май куни бўлиб ўтган «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» фестивали доирасидаги ёшлар билан учрашувда сотувчиларнинг терминалдан ечмасдан, пластик карточкага тўлов тизимлари орқали ўтказиб беришни сўрашини катта муаммо деб атаган ва унга қарши курашиш кераклигини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрь ойида президентнинг назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинганди. Ҳужжат билан 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ҳамда ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг QR код ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади.

Изоҳ

Xυℜនђιđ Jan

12 январ, 21:15

Qashqadaryo viloyati avtobuslarda kartadan yoki ilova orqali tulash ishlamayabdi goy vaqt uradi pul gohi yuq ishlamay qoladi avtobuslarda online tulov yoki kartadan tulovni kurib chiqishlaringni surab qolaman

Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда яшил энергетика даври бошланганига уч йил бўлди. Нималар ўзгарди?
Маҳаллий
Фоторепортаж: Президент ташрифига тайёргарлик кўраётган Наманган
Спорт
Лионель Месси Криштиану Роналдунинг рекордини янгилади