Тошкент шаҳрида тадбиркордан товламачилик йўли билан пул ундирган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида «С.Л» хусусий корхонаси раҳбари Т.М. ва бошқалар «С.Л» корхонасининг тамаки маҳсулотларини ўзларининг корхонаси номидан Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиб юбориш эвазига корхона вакили В.дан 19 минг доллар талаб қилгани аниқланган. Акс ҳолда улар юкларни Ўзбекистон ҳудудидан ортга қайтариб юбориш ва шу орқали мулкка зарар етказиш билан қўрқитиб, талаб қилинган пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича юборилган.
Аввалроқ Булунғурда лицензиясиз киракашлик қилаётган фуқаролардан пул ундириш билан шуғулланиб келган гуруҳ аъзолари ушлангани, Қашқадарёда ўзини мухбир сифатида таништириб, ҳокимлик вакилидан 2,6 млн сўм пулни тамагирлик йўли билан олган шахс қамоққа олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)