Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини боғловчи «Уч қаҳрамон» постидан 10 километр юрилганда, «Ғишткўприк» (собиқ «Черняевка») чегара пункти яқинидаги «Сирғали» маҳалласига келасиз. Ушбу маҳалла ҳудудий жиҳатдан Тошкент вилоятининг Тошкент туманига қарайди.
Бу ерлар Қозоғистон билан чегарада жойлашгани боис вақт оралиғи ўзгариб қолади. (iPhone русумли телефонларда вақт бир соат олдинга сурилиб, Қозоғистон вақти билан кўрсата бошлайди.)
Маҳаллага киришингиз биланоқ бир нечта хонадонлар олдида балиқ расми туширилган пештахталарга кўзингиз тушади. Бу ерда балиқ пишириб сотувчи хонадон эгалари уйининг ярмидан кўпини емакхонага айлантирган. Ялламадаги емакхоналардан фарқли ўлароқ, ушбу маҳаллада кўча бошида туриб, мижоз чақирувчи аёлларга дуч келмайсиз. Кўчага илинган пештахталарга қараб балиқ пиширувчи хонадонни ўзингиз танлаб кираверасиз. Биз ҳам ҳамкасбларимиз билан кўчасида кўпроқ машиналар «тўпланиб» турган уйлардан бирига кирдик.
Хонадон икки қаватдан иборат бўлиб, хоналар, сўрилар ва ташқарида стол-стуллар хўрандалар келишига тахт қилиб қўйилган. Ҳовлидаги жойлар совуқдан ҳимоялаш учун целлофан билан тўсилган. Мижозлар хоҳишига қараб, истаган жойни эгаллаши мумкин.
Ҳамкасбларимиз билан уйнинг иккинчи қаватидаги хонага жойлашдик. Хонага кириб жойлашганимизда соат 14:00 дан ўтганди. Репортаж қилаётган балиқларимиз ҳақида, аввало, ўзимизда яхшироқ таассурот бўлиши учун жамоамиз билан балиқ буюртма қилдик. Иккита балиқ беш кишига бемалол етди.
Балиқ тановулидан сўнг емакхона раҳбари Раҳима опани суҳбатга тортдик. У интервью беришдан олдин балиқ пишириш сирини айтмолмаслигини ва ошхонани суратга олишга ошпазлари рухсат бермаслигини айтди. Ошпазлар «Дарё» фотографини ўз ошхонасига киритиб, балиқ пишириш жараёнини суратга олинишига рози бўлди.
Раҳима опа емакхонанинг очилиш тарихини сўзлаб берди:
Беш йил олдин овсиним Сапура опа билан биргаликда иш бошлаганмиз. Бошида 4—5 та балиқ пиширардик. Ҳозир эса сотадиган балиқларимиз сони 300 тадан ошган.Ишни бошлаган вақтимизда балиқларни ўзимиз пиширардик. Қўл остимда уч киши ишларди, ҳозир эса саккиз кишини иш билан таъминлаганман. Ҳаммаси қўни-қўшнилар, бегона одам йўқ.
Раҳима опа қандай балиқ пишириши ва унинг нархи ҳақида ҳам тўхталди:
Фақат сазан балиғини дастурхонга тортамиз. Асосан бўлакларга бўлиб пиширамиз. Агар мижозлар сўраса, бутунлигича ҳам тайёрлаб беришимиз мумкин.Балиқларнинг донаси 70 минг сўмдан сотилади. Битта балиқнинг ўртача оғирлиги 1—1,2 килограмм атрофида бўлади. Мижозларнинг сўровига қараб, соусли балиқ ҳам тайёрлаб берилади. Фақат нархи 10 минг сўмга қимматроқ бўлади.
Мижоз кам пайтлари балиқлар ўртача 20 минутда тайёр бўлади. Кечга яқин бу муддат 40 минутга ҳам чўзилиши мумкин. Тиғиз пайтлари мижозларни кўп куттириб қўймаслик учун балиқларни олдиндан кесиб тайёрлаб қўйишади.
Раҳима опанинг айтишича, мижозлар асосан шанба, якшанба ва ойлик бериладиган кунлари келади. Аксарият хўрандалар соат 17:00 дан сўнг келгани боис кечки маҳал келадиган мижозлар хоналарни олдиндан банд қилиб қўяди.
Сапура опа ўзининг соғлиғи яхши бўлмагани учун уч йил олдин касса ва иш бошқарувчиликни келини Нодирага топширган. Келинининг бизга айтишича, унинг асл исми Жадира, аммо ўзбеклар уни Нодира деб чақиради.
Тадбиркор аёлдан даромади ҳақида сўраганимизда топган пули уйни таъмирлашга кетиши, ҳали бундан орттириб машина ҳам ололмагани ҳақида гапирди.
Майдан августгача ишламаймиз. Уч ой давомида уйларни таъмирлатамиз. Йилдан йилга янгилик киргизяпмиз. Даромадга келсак, баракасини берсин. Келган одам уй-жойга қарайди дейишганидек, топганимизни уйни яхшилашга, жойларимизни кенгайтиришга сарфлаяпмиз. Масалан, икки йил олдин хонадоннинг иккинчи қаватини қурдик. У ерда мижозлар учун олтита хона бор. Шунингдек камералар ҳам ўрнатдик, чунки еб, индамай чиқиб кетиб қоладиганлар ҳам бўляпти. Энди емакхонага ҳар хил одамлар келади. Ичволиб ўзини босолмайдиганлар ҳам бўлган.Бошида сигарет чекишига ҳам қарши бўлганман. Аммо бусиз иш бўлмас экан. Ўзим спиртли ичимликлар сотмайман, лекин ўзлари кўчадан олиб келишига қаршилик қилмайман. Чунки эркаклар жуда кўп келади.
«Сирғали» маҳалласида яна тўртта емакхона бор экан. Барчаси бирин-кетин жойлашган. Биз Раҳима опадан қўшнилари билан рақобати ва муносабатлари ҳақида сўрадик.
«Барчамиз бир хил услубда балиқ тайёрлаймиз. Чунки бошида ўзим кириб қандай пиширишни кўрсатиб берганман. Қўшниларим билан алоқамиз яхши. Балиқлар етмай қолса бир-биримиздан олиб турамиз. Ҳеч қандай келишмовчилик йўқ.
Бу йил катта куёвим билан яна қўшимча жойлар очмоқчи эдик. Аммо коронавирусдан кейин мазам бўлмай қолди. Соғлиғимни тиклаб олиб, насиб қилса, кейинги йил очишни режалаштиряпман», — дея Раҳима опа сўзини якунлади.
Раҳима опа билан интервьюмизни тугатиб, хўрандаларнинг балиқлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
Ўзини Шаҳноза деб таништирган аёл Шайхонтоҳур туманидан бу ерга 4—5 йилдан буён оилавий келиши, уларга балиқларнинг мазаси ёқиши, нархи эса шаҳардаги жойлардан арзонлигини айтди.
«Черняевка»га балиқ ейиш учун илк бор келган Гулираъно исмли қиз «Балиқ сизга ёқдими?» деб берган саволимизга қуйидагича жавоб берди:Балиқни менга ёққан томони уни KFC услубида пиширилгани бўлди. Балиқни санчқи билан ейишнинг имкони йўқ, қўлда бемалол ейиш учун эса алоҳида хоналар ташкил қилинган экан. Аммо таклиф сифатида бир нарса айтиб ўтмоқчи эдим. Мен ҳамиша бормоқчи бўлган кафе ёки овқатланадиган жойни аввал интернетдан қараб, изоҳларини ўқийман. Умуман истеъмолчи сифатида кўпчилик ҳар бир танловидан олдин шундай қилади. Шундан келиб чиқиб бундай тамаддихоналарнинг ҳам ижтимоий тармоқларда саҳифаси бўлиши керак деб ҳисоблайман. Чунки аввал бу ерга келмаган одам қандай бориш, қулайликлари ҳақида биринчи бўлиб ижтимоий тармоқлардан маълумот олмоқчи бўлиши мумкин.
Бизнинг кейинги манзилимиз суҳбатдошимиз Гулираъно хоҳлагандек Instagram’да саҳифаси бор «Балиқ №1» номли емакхона бўлди. Дарвоза олдидаги пештахтада мазкур жойнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари манзили ҳам ёзиб қўйилганди.
Ўзини емакхонанинг иш бошқарувчиси деб таништирган Фаҳриддан Саидалиев бизга нима учун балиқ пишириш бизнесига қўл ургани ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Бизнинг маҳалла балиқлари билан танилган. Талаб жуда кучли. Барча мижозларни қабул қилишга қўшниларимизнинг имконияти етмагани учун акам билан биргаликда биз ҳам ўз ишимизни бошладик. Дастлаб, ҳовлимизнинг ярмига меҳмонлар ўтирадиган саккизта хона қурдик. Бошланишига 30 минг доллар кетди. Декабрда бу ерни очганимизга бир йил бўлади.Ишимизни бошлаганимизга ҳали кўп бўлмаса-да, мижозларимиз оқими ёмон эмас. Кечга бориб барча хоналаримиз тўлади. Жойимиз тинчлиги учун аёллар кўпроқ келади.
Хоналарда Wi-Fi бор, намоз ўқиш учун шароит яратилган. Мижозларнинг ичкилик ичишига ёки сигарет чекишига йўл қўймаймиз, чунки ҳиди хонада «ўтириб» қолади.
Юқорида айтганимиздек, мазкур емакхонанинг бошқалардан фарқли жиҳати ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга экани. Емакхонанинг Instagram’да 10 мингдан ортиқ обуначиси бор. Мижозларнинг асосий қисми ҳам Instagram орқали кўриб келади ёки буюртма қилади. Битта балиқнинг нархи 70 минг бўлса, обуначилар учун эса 65 минг сўмдан ҳисобланади.
Тадбиркорнинг акаси Камолиддин Саидалиевдан «Балиқ пишириш сирларини айтасизми?» деб сўрадик. У «Истасангиз пишириб, кўрсатиб бераман» деб бизни ошхона томон бошлади.
Газимиз бор, аммо биз балиқни ўтинда, баланд оловда пиширамиз. Бўлмаса балиқ бўкиб қолади. Фақат пахта ёғида қовурамиз, чунки писта ёғида балиқ қизармайди.Унинг айтишича, балиқлар майда бўлакларга ажратилгандан сўнг, ўзининг махсус тузи сепилади. Бошқа овқатларга солинадиган тузлар ёпишиб қолиши туфайли сочилиб сепиладиган балиқ тузидан фойдаланишар экан.30 литр ёғ қиздирилса, 70–80 та балиқ пиширгандан кейин янгиланади. Чунки ёғнинг сифати тушгани сари балиқнинг ҳам қиср-қисири йўқолиб боради. Истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам алмаштиришга мажбурсиз. Ишлатилган ёғни сигири борлар олиб кетади.
Биз пиширадиган балиқларнинг оғирлиги 1,2–1,3 килограмм. Уларни асосан майдалаб пиширамиз. Агар бутунлигича қозонга ташланса, ичи пишмай қолиши мумкин. Бутун пишириш учун балиқнинг оғирлиги 600—700 грамм бўлиши керак.
Балиқ қиср-қиср чиқиши учун унинг бўлаклари ун ва сув аралашган аталага ботирилади. Сўнгра қизиган қозонга ташланади. Одатда балиқлар беш дақиқада пишади.
Балиқ пишгунча Камолиддин Саидалиев аслида касби бошқалигини, бу ишни бошлагунга қадар умуман овқат тайёрламаганини айтди.
Ёзда Қозоғистонга ўтиб, машина тузатиш билан шуғулланаман. Балиқ мавсуми бошланганда яна уйга ишимга қайтаман. Бошида пулини бериб, бошқа одамга пиширтирардик. Устида туриб ўрганиб, ўзим пиширишни бошладим. Аввал ҳатто тухум ҳам пиширмагандим. Аммо шароит тақозоси билан ўргандим. Чунки тушган даромад ҳам ўзимизга қолади. Одамлар катта даромад қилади деб ўйлаши мумкин, аммо тушган пул харажатлардан, оиладан ортмайди.Унинг айтишича, оиланинг барча аъзолари емакхона ишига жалб қилинган. Кимдир идиш товоқларни ювади, кимдир хоналарни тозалайди. Шу маҳаллада яшовчи бир неча бола меҳмонларга хизмат кўрсатади.
Ошхона бурчагида бир-бир овоз чиқариб турган мослама эътиборимизни тортди. Мослама экранида турли рақамлар чиқиб турарди. Камолиддин ака бизга бунинг нима эканини тушунтириб берди:
Ҳар бир хонада махсус тугма ўрнатилган. Агар мижозга нимадир керак бўлса, овозини кўтариб хизматчиларни чақириб ўтирмайди. Тугмани босади, бўлди. Чақирув тугмаси босилган хона рақами официантнинг соатига ҳам, ошхонага ҳам кўриниб туради. Бу қурилмани Қозоғистондан олиб келганмиз.Ака-ука тадбиркорлар суҳбат якунида кейинги йилдан ишларини кенгайтириб, янги жойлар қурмоқчи эканини айтди. Биз уларнинг ишларига омад тилаб хайрлашдик.
Маҳалладаги навбатдаги емакхонага кирганимизда хонадон соҳибаси «мижози ҳам, даромади ҳам кўплиги»ни айтиб, интервьюларга ҳуши йўқлигини билдирди. Вақт кеч бўлиб қолгани учун ортга қайтишга қарор қилдик.
Йўлда ҳамкасбим Муқаддас «Черняевка» балиқларининг ёққан ва ёқмаган жиҳатлари ҳақида фикр билдирди.
Балиқнинг кўриниши иштаҳани очади. Устидаги қарсилдоқ қоплама энг ёқимлиси бўлди. У намиқиб, юмшаб қолмаган. Тами ҳам мазали. Ичида қилтаноқлари кам, сезиларли ва йириклиги иштаҳа билан еяётган хўрандага халақит бермайди. Соусининг тами оғзимда қолди. Айниқса уни буханка нонга ботириб ейиш... Бироқ биргина ёқимсиз жиҳати — биз еган балиқ ёғли экани бўлди.Балиқ таассуротлари билан манзилимизга етиб бордик. Аммо бир нарсани айтиб ўтишимиз керак, биз истеъмол қилган балиқлар ёғли бўлгани учун айрим ҳамкасбларимизнинг қон босими кўтарилди. Кўк лимон чой билан қон босимини меъёрга келтирдик.Хоналарга келсак, ўтирган жойингиз тартибли, озода бўлмаса, қорин оч бўлса-да, иштаҳа йўқолади. Олдимга овқат қўйилганида, биринчи бўлиб идишларнинг тозалигига эътибор қаратаман. Бу жойда барча егуликлар солинган идиш тоза эди. Хонадонга киришингиз билан балиқ ҳиди уфуриб турса-да, ишчи ходимларнинг хўрандалар кетиши биланоқ, хоналарни йиғиб, тартибга келтириши одамни хурсанд қилди.
Сўзимиз якунида балиқнинг инсон организми учун фойдали бўлган жиҳатларини санаб ўтмоқчимиз.
Хусусан, балиқ таркибидаги Омега-3 ёғ кислоталари сурункали юрак касалликларидан ҳимоя қилади. Кўриш қобилияти ва кўзнинг умумий саломатлигини яхшилайди. Холестерин даражасини пасайтиради, модда алмашинувини тезлаштиради.
Айниқса, балиқ таркибидаги фосфор асаб тизимининг ишлашига ижобий таъсир кўрсатади, ишчанликни ошириб, чарчоқни йўқотади. Хуллас, турган битгани кони фойда бўлган маҳсулотни мавсум пайти еб қолишга улгуринг!
Муаллиф: Хонзодабегим АъзамоваМуҳаррир: Дилшод Шарипов
Изоҳ (0)