Афғон Че Гевараси
Панжшер вилоятидаги тожик оиласида туғилган Масъуд нисбатан яхши маълумот олди, нуфузли Кобул лицейида ўқиди. 1973 йилда эса Кобул политехника институтига ўқишга кирди. Шу ерда Масъуд француз тилини ўрганишга муваффақ бўлди.Бироқ Масъуд бу олийгоҳда узоқ ўқимади. Афғонистонда Муҳаммад Зоҳир Шоҳ ўрнатган демократия 1973 йил Муҳаммад Довуднинг ҳарбий тўнтаришидан сўнг тугади ва ўнг кучлар вакили бўлган ёш «Панжшер арслони» Покистонга қочиб кетди. Шу ерда у Афғонистоннинг бўлажак президенти Бурҳониддин Раббонийнинг исломий мухолифатига қўшилди.
Шоҳ Масъуд жанг майдонига 1975 йилда илк бор қадам қўйди. Унинг отряди Панжшерни эгаллади, лекин қўзғолонга уриниш амалга ошмади. Шоҳ Масъуд тўғридан-тўғри қуролли курашнинг муваффақиятига ишонди ва маҳаллий аҳолининг муносабати, содиқлиги каби факторларни инобатга олмади. Натижада у Довуднинг асосий кучлари билан тўқнашмасдан ўз отряди билан Покистонга қайтишга мажбур бўлди.
Аҳмад Шоҳ Масъуд хатоларини таҳлил қилди ва кубалик икки инқилобчи Фидел Кастро ва Эрнесто Че Гевара тажрибалари орқали замонавий партизанлар урушининг тактикасини ўрганди. Шоҳ Масъуднинг стратегик истеъдоди тез орада Афғонистон урушининг бошланиши билан тасдиқланди, бу унинг «энг юлдузли» даври бўлди.
Мужоҳид-генерал
Аҳмад Шоҳ Масъуд 1978 йил, ҳокимиятга коммунистик Афғонистон Халқ Демократик партияси келгач, ватанига қайтиб келди. Муҳаммад Тараққий бошчилигидаги янги ҳукуматни атеистлар ва чет элликлар қўғирчоғи дея ҳисоблаган Аҳмад Шоҳ Масъуд қаршилик кучларини тузиш учун стратегик қулай ҳудуд — Панжшер томон йўл олади. Панжшерга деярли қурол ва пулсиз келган Масъуд тез орада нафақат Раббоний бошчилигидаги «Афғонистон ислом жамияти» гуруҳининг, балки бутун мужоҳидлар ҳаракатининг муҳим шахсларидан бирига айланди. Масъуд кучларининг асосий қисмини Афғонистон шимолида яшовчи тожиклар ташкил қиларди.Партизанлар урушидаги маҳорат ва танланган стратегик позицияси туфайли Аҳмад Шоҳ Масъуд мужоҳидларнинг энг обрўли қўмондонларидан бири бўлди. Панжшерда жойлашган Масъуд амалда бутун шимолий Афғонистонни назорат қилади, шу жумладан, Панжшердан атиги 40 километр узоқликда жойлашган Кобулни ҳам. Совет қўшинларининг уни йўқ қилиш учун Панжшерга уюштирган бешта ҳарбий операцияси муваффақиятсиз тугайди. Масъуд замонасининг энг кучли ҳарбий техника ва яхши тайёргарлик кўрган аскарларига эга бўлган СССР армияси ҳужумларини ўзининг кичик гуруҳи билан қайтаради. Шундан сўнг уни «Панжшер арслони» деб атай бошлашади.
Қизиғи шундаки, СССР билан курашган бўлса-да, совет генераллари уни ҳеч қачон инсоний қиёфаси ва ўзига хос ҳарбий шарафини йўқотмаган оқил ҳамда қобилиятли қўмондон деб ҳисоблаган. Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқилгандан сўнг ўн йил ўтиб Масъуд билан учрашган совет генерали Руслан Аушев собиқ душман билан суҳбатини шундай ёзиб қолдирган: «У менга ажойиб бир гапни айтди: ‘Мен сиз билан бошқача уришишим ҳам мумкин эди. Мен сизнинг йўловчи самолётларингизни уриб туширишим мумкин эди, аммо мен буни қилмадим. Мен сиз билан уруш қоидалари бўйича уришдим’ ».
Ғарб журналистлари Шоҳ Масъудни суҳбатдошларини хушмуомалалик, ақл-идрок ва билимдонлик билан ҳайратга соладиган инсон эканини қайд этади. Бундай фазилатларни жанговар қўмондонларда камдан кам учратиш мумкин. У қон тўкишдаги иштирокини мажбурий чора сифатида кўрсатади: «Афсуски, шароит мени қурол кўтаришга мажбур қилди».
Аҳмад Шоҳ Масъуд Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқилгач Шимолий Афғонистондаги энг нуфузли сиёсий арбоб бўлиб қолади, эндиликда у жангарилар отрядини эмас, бутун бошли армияни бошқарадиган генералга айланганди.
«Толибон» билан кураш
Ниҳоят, 1992 йилнинг апрель ойида мужоҳидларнинг қуролли гуруҳлари Кобулга киради ва советпараст Нажибулло режими ағдарилади. Аммо кураш бу билан тугамади, ҳокимиятга келган, асосан, ўзбек ва тожиклар, яъни миллий озчиликларнинг манфаатини ифода этувчи Масъуд—Раббоний гуруҳи СССРга қарши курашган бошқа мужоҳид генераллар(айниқса, пуштунлар)га ёқмади. Кечаги иттифоқчилар бир-бири билан қонли адоват олиб бораётган пайтда саҳнага фундаменталист «Толибон» гуруҳи чиқади. Дастлаб толибларни туганмас зўравонлик ва қонунбузарликдан азият чеккан кенг омма қўллаб-қувватлайди. Асосан пуштунлар ҳаракати бўлган «Толибон» Покистон ва мамлакатдаги пуштунлардан катта кўмак олади.Толиблар 1996 йил Кобулга етиб келади ва Шоҳ Масъуд қўшини чекинишга мажбур бўлади. Шоҳ Масъуд бу сафар ҳам СССР билан курашда таянч нуқта бўлган Панжшерга жойлашади ва яна бир бор «Панжшер арслони» эканини кўрсатади. «Толибон» ҳеч қачон унинг қаршилигини куч билан енга олмайди.
1996 йилнинг ўзидаёқ «Толибон»га қарши туриш учун шимоллик дала қўмондонлари Шимолий Альянс иттифоқига бирлашади. Шоҳ Масъуд унинг раҳбарига айланади. «Толибон»га қарши курашиш учун Масъуд Эрон ва ғарб мамлакатларидан иттифоқчилар қидиради. Етарли қўллаб-қувватловга эришган Шимолий Альянс беш йил давомида «Толибон» билан курашади ва мамлакатнинг 30 фоиз ҳудудини ўз назорати остига олади, толибларнинг қаршилигини секинлик билан синдира бошлайди. Аҳмад Шоҳ Масъуд бирлашган Афғонистоннинг эҳтимолий раҳбарлари қаторига киради.
«Меҳмон уйни бузмаслиги керак!»
2000 йиллар бошида «Толибон»нинг халқаро сиёсий аҳволи оғирлашади, кутилмаганда ташқи ва ички босим кучаяди. Турли ташкилотлар Афғонистонга «Ал-Қоида» террористик ташкилоти мамлакатда жойлашгани учун санкциялар жорий қилади. Қолаверса, толибларнинг шафқатсиз ва қаттиққўл тартиби аҳолида уларга қарши кайфиятни кучайтиради. Бунинг устига Шимолий Альянс билан давом этаётган уруш ресурслар тақчиллигини келтириб чиқаради. Шимолдаги қаршилик ғарбий ва жануби-ғарбий минтақаларга ҳам тарқалади. Туркиядан қайтган Абдурашид Дўстум шимолда, Эрондан бўлган Исмоилхон ғарбда аскар йиғиб, урушга тайёргарлик кўра бошлайди.Шимолий Альянс TAPI (Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон) газ қувури лойиҳаси қурилишига йўл бермади. Айнан шу лойиҳа туфайли АҚШ президенти Билл Клинтон Афғонистондаги инсониятга қарши жиноятларга эътибор бермаётганди, АҚШ давлат департаментининг махсус вакили Робин Райфел ҳатто Конгрессдан «Толибон»ни халқаро тан олишга чақиради. 1997 йил «Толибон» делегацияси АҚШга ташриф билан бориб, лойиҳа хавфсизлигига кафолат беради.
«Толибон»нинг яна бир бош оғриғи уларнинг қадрли меҳмони ва сармоячиси Усома бин Лодин эди. АҚШ ва Саудия Арабистони «Толибон» ҳукуматидан 1998 йил АҚШнинг Кения ва Танзаниядаги элчихоналарини портлатишни ташкиллаштирган террорчини уларга топширишни талаб қилади. Ҳатто Саудия шаҳзодаси Фейсал Турки ҳам бу масалада Қандаҳорга ташриф буюради, бироқ толиблар бин Лодинни америкаликларга ҳам, саудияликларга ҳам топширишни хоҳламайди. Натижада Афғонистон бутун жаҳон террористларининг уйига айланди, дунёнинг турли бурчакларидан Афғонистонни «хавфсиз бошпана» сифатида кўрувчи жангарилар мамлакатга оқиб келди. «Толибон»ни тан олган уч давлатда фақат Покистон охиригача унинг тарафида турди. «Толибон», «Ал-Қоида» ва Покистон муаммоларнинг асосий сабабчиси сифатида Шимолий Альянс ҳамда унинг раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъудни кўрди.
2000 йилда «Толибон» ҳукумати ташқи ишлар вазири этиб тайинланган, ҳаракат орасида энг прагматик бўлган Вакил Аҳмад Мутаваккил Усома бин Лодинннинг мамлакатда бўлиши яхши оқибатларга олиб келмаслигини биларди. У давлат раҳбари бўлган Мулла Умарга Усома бин Лодин тўғрисида гапириб, «Меҳмон уйни бузмаслиги керак!» — дея айтади.
Мутаваккилнинг талаби билан «Ал-Қоида»нинг маданий-тарғибот маркази «Мактаб ул-Алом» ёпилади, Усома бин Лодинга ОАВ билан гаплашиш тақиқланади. Бундан ғазабланган бин Лодин «Бизнинг иккита душманимиз бор: Америка ва Толибон Ташқи ишлар вазирлиги!» деб ўз норозилигини билдиради.
Фитна
1999 йил Қандаҳорга келган Афғонистон маданият ва ахборот вазири Амирхон Моттакий Усома бин Лодин билан кўришиб, уни қамаб қўйиб, гапиришга рухсат бермаётганларидан норозилигига жавобан «Биз уруш ва иқтисодий босимлар остидамиз. Биз ҳам ўз халқимиз олдида жавобгармиз» деб жавоб беради. «Ал-Қоида» етакчиси қисқа гапиради:«Мен сизнинг ички муаммоларингизни ҳал қиламан!» Вазир ва таржимон буни молиявий ёрдам дея ўйлайди, аммо араб миллиардерининг сармоялари деярли қолмаганди. У анчадан бери хушламай юрган инсони — Аҳмад Шоҳ Масъудни йўқ қилмоқчи эди.Шу мақсадда у ўз қўмондонларини йиғинга чақиради ва «Панжшер арслони»ни ўлдириш режасини кун тартибига қўяди. Бироқ кўпгина қўмондонлар бунга қарши чиқади. Чунки Аҳмад Шоҳ Масъуд Афғонистонни атеист давлат армияси эгаллаганда уларга қарши мардонавор курашган мужоҳид саркарда, жиҳод ғолиби эди. Уни фитна орқали ўлдириш ислом ва жиҳод қонунларига зид бўлиб, кўпчилик исломий давлатга қарши терактнинг ўзи зиддиятли масала эканини айтади. СССР билан бўлгани каби, АҚШга қарши ҳам уруш кетаётганини, улар фақат кофирларга қарши курашишга қасам ичганларини таъкидлайди. Аммо охир-оқибат Усома бин Лодин фитнани ташкиллаштиришга муваффақ бўлади. Бунда у Шоҳ Масъуднинг меҳмондўст ва ишонувчанлигидан фойдаланади.
Сохта журналистлар
2001 йилнинг ёзида Аҳмад Шоҳ Масъудга СССРга қарши курашган Афғонистондаги етти энг машҳур мужоҳид генераллардан бири, Абдул Расул Сайёф қўнғироқ қилади ва икки журналист ундан интервью олмоқчи эканини айтади. Масъуд уларнинг кимлигини сўрайди, Сайёф уларнинг Покистондаги толиблардан виза олгани, Муҳаммад Қосим ва Муҳаммад Карим исмли Бельгия телевидениесида ишловчи араб журналистлари эканини билдиради. «Журналистлар» Кобулда икки ҳафта яшагач, «Толибон» бош қароргоҳи жойлашган Қандаҳорга келади. Шу ерда улар Усома бин Лодиндан шахсан кўрсатма олган бўлишлари мумкин. Абдул Расул Сайёф ростини айтганда араблардан шубҳаланаётганини Масъудга айтган, бироз ўйланган тожик генерали «Майли, ўтказиб юборинг, одамларим уларни текширади» деб жавоб берган.Худкушлар Абдул Расул Сайёф назорати остидаги Пағмон орқали Панжшерга кириб келади. Улар келибоқ Бурҳониддин Раббоний ва Шоҳ Масъуд билан бир вақтда учрашишни сўрайди. Бироқ Масъуд улар билан кейинроқ учрашишини айтади.
Масъуднинг қаерда бўлишини аниқ билишнинг имкони йўқ эди, аммо у тез-тез келиб турувчи жойлар: Хўжа Баҳоуддин, Файзобод ва Панжшер кўпчиликка маълум эди. «Журналистлар» уни Хўжа Баҳоуддинда кутишга қарор қилади ва атрофдагиларга ўзларини ҳақиқий диндор сифатида кўрсата бошлайди. Энг қизиғи улар ўзларини чин диндордек тутиб, Қуръондан бош кўтармаса ҳам эрталаб соат саккизда уйғонар (мусулмонлар тонг соат бешда намозга уйғониши керак) ва ташқарига чиқмасди. Қолаверса, бу «журналистлар» ўз асбоб-ускуналарига бепарво, журналистик қизиқувчанликдан жуда узоқ эди. Шоҳ Масъуднинг одамлари унга бу араблар журналист эмаслиги, қандайдир машъум вазифа билан келган душман аскарлари бўлиши мумкинлигини айтади. Аммо барчани ўзи каби ўйловчи қўмондон Қуръонга ошно инсон қўлидан ёмонлик келмаслигига ишонади ва уларни қабул қилишга қарор қилади. Бундан ташқари Шоҳ Масъуд журналистларни хуш кўрар ва уларга интервью беришдан бош тортмасди. Унинг душманлари эса айнан шундан фойдаланди.
Камерага яширилган бомба
Арабларга Масъуд уларни 9 сентябрь, туш пайтида қабул қилиши айтилади. Соат 12:00 да Хўжа Баҳоуддиндаги Масъуднинг қароргоҳи — Нур уйига келган «журналистларни» Аҳмад Шоҳ Масъуд билан бирга Афғонистон Ислом республикасининг Ҳиндистондаги элчиси Масъуд Ҳалилий, ички ишлар вазирлиги ходими Асим ҳамда Шимолий Альянснинг «Муҳожид хабари» газетаси мухбири Фаҳимхон кутиб олади. Икки соқчи эшик ташқарисида қолади. «Журналистлар»ни ҳеч ким тинтув қилмайди, чунки меҳмондўст Аҳмад Шоҳ Масъуд ҳеч қачон ўз меҳмонларини ишончсизлик билан ҳақорат қилмаган.12:05 да кучли портлаш овози эшитилади.
Портлашдан олдин соқчилар Масъуднинг «Асим у нима қиляпти?!» деган қичқириғини эшитади. Қўриқчилардан бири шу заҳоти эшикка қараб югуради, аммо кучли портлаш уни ортга итариб ташлайди. Ичкарига кирган иккинчи аскар қўмондонининг қонга беланиб ётганини кўради. Фаҳимхон, элчи ва араб «мухбир» тирик эди. Соқчи дарҳол тирик қолган худкушни отиб ўлдиради.
Бир дақиқадан сўнг хона одамга тўлади. Шоҳ Масъудни Панж яқинидаги вертолёт майдончасига олиб боришади.
Кейинчалик Масъуднинг одамлари тирик қолган арабни сўроқ қилади. Портловчи модда «оператор»нинг қўлидаги камерада бўлиб, масофадан ишга туширилиши керак бўлган. «Мухбир» портлашдан олдин Масъудга фақат битта савол беради: «Агар сиз Кобулни қайта эгаллаб олсангиз, Усома бин Лодин нима қиласиз?». Бошқарув пульти тўсатдан ишламай қолгач «оператор»нинг безовта ҳаракатларидан Масъуд нимадир бўлаётганини сезиб қолади ва Асимга бақиради. Асим дарҳол камера томон югуради, бироқ у кеч қолади…
Кейинги воқеалар
Портлашдан сўнг ҳам Шоҳ Масъуд тирик эди, уни кечқурун Душанбега олиб келишади. Бу пайтда тожик расмийлари мустақилликнинг 10 йиллигини нишонлаётганди, улар генерал байрамга келди деб ўйлади. Қўмондонни 201-дивизия госпиталига ётқизишади, аммо шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай у вафот этади.Шимолий Альянс қўмондонлари ўша куни йиғилиш ўтказади ва Масъуднинг ўлимини яширишга қарор қилади. Чунки «Толибон» генералнинг ўлимини кутиб турган, «Панжшер арслони»нинг вафоти аскарлар руҳига таъсир ўтказиши мумкин эди. Бироқ АҚШ разведкаси ўша куниёқ генералнинг ўлимидан хабар топади. Орадан икки кун ўтиб эса Нью-Йоркда ҳаммага маълум 11 сентябрь воқеалари бўлиб ўтади.
Бу икки терактнинг бир-бирига боғлиқлигини ҳеч ким инкор этмайди ва аввалдан пухта режалаштирилган сценарий эканини айтади. АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари «Толибон» ва «Ал-Қоида»га қарши кураш бошлагач Аҳмад Шоҳ Масъуднинг хоки Панжшерга олиб келиб, дафн қилинади. «Толибон» билан курашда етакчиликни генерал Муҳаммад Фаҳимхон қўлига олади. Тез орада Афғонистонда Аҳмад Шоҳ Масъуд орзу қилган дунёвий ҳокимият тикланади ва унинг номи ҳурмат билан эсланади. Бугунги кунда ҳам Афғонистон шимолида, (жанубда унга икки хил муносабатда бўлишади) шубҳасиз, «Панжшер арслони» шахси қадрланади. Афғон генерали ҳаёти ҳақида ёзувчи Санди Галл томонидан «Афғон Наполеони», Маркела Град муаллифлигида эса «Масъуд» номли китоблар ёзилган.
Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади
Изоҳ (0)