АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказади. Суҳбат 2022 йилнинг 2 январида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Оқ уй вакили маълум қилган, деб ёзади «РБК».
Байден АҚШнинг Украина суверенитетини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаш учун суҳбат ўтказади, дейилади хабарда. Шунингдек, президентлар Украина билан чегарада «Россия армиясининг тўпланиши» ва минтақадаги вазиятни дипломатик йўл билан қандай ҳал қилиш масаласини муҳокама қилмоқчи, дея қўшимча қилган Оқ уй вакили.
Кейинроқ музокаралар ҳақидаги маълумотни Зеленский ҳам тасдиқлади. Twitter’да у музокараларни «сабрсизлик билан» кутаётганини ёзган. Суҳбат «Украинада тинчлик ва Европада хавфсизлик йўлидаги қадамларимизни мувофиқлаштиришга бағишланади», — дея қўшимча қилган Украина президенти.
30 декабрдан 31 декабрга ўтар кечаси Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтганди. Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилишича, мулоқот давомида Россия президенти Америка раҳбарига «биз музокараларга катта аҳамият берамиз», бироқ айни пайтда улар «оддий суҳбатга айланмаслиги керак», деган.
2021 йилнинг кузида бир қанча Ғарб оммавий ахборот воситалари, жумладан, Politico, The Washington Post ва бошқалар Украина билан чегаралар яқинида Россия қўшинларининг сони кўпайгани ҳамда Россиянинг ушбу мамлакатни «босиб олишга» тайёрланаётгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.
Москва бу хабарларни рад этиб, бундай режа йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, декабрь ойи бошида Байден билан бўлиб ўтган видеосаммит чоғида Путин «НАТО Украина ҳудудини босиб олиш учун хавфли уринишлар қилаётгани» ва Шимолий Атлантика альянси Россия чегаралари яқинида ҳарбий салоҳиятни ошириш билан шуғулланаётганини таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, Киев яқин келажакда Россиядан босқин хавфини кўрмаётганини билдирган. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Даниловнинг сўзларига кўра, ҳозирча мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиш учун асослар йўқ, у яқинлашиб келаётган «босқин» ҳақидаги маълумотларни «Украинага қарши ахборот ҳужумларидан бири» деб атаган.
Мавзуга доир:
- Зеленский Украинанинг Россияга қарши туриш бўйича ахборот хавфсизлиги стратегиясини тасдиқлади
- Оқ уй Россиянинг Украина масаласи бўйича АҚШ, НАТО ва ЕХҲТ билан музокаралари қайси санада ўтказилишини маълум қилди
- Зеленский Путин билан учрашишга тайёр — Украина президенти маъмурияти
- Путин: «Зеленский Украина халқининг тинчлик ҳақидаги сўровига жавоб бермаяпти, у ‘радикал унсурлар’ таъсирига тушиб қолган»