«Тошкент ёшлар форуми – 2021» тантанали ёпилиш маросимида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшларга мурожаат қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилди.
«Завод, фабрика қуриб, сўз санъатидан узоқроқ бўлибман. Ҳоким бўлиш хаёлимга ҳам келмаган эди, шунинг учун гапга унчалик уста эмасман», – дея сўзини бошлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда форумнинг кўлами ва аҳамиятига тўхталиб, унда қўшни мамлакатлардан ҳам ёшлар иштирок этганини таъкидлади. Хусусан, Қозоғистондан 31та ёшлар етакчиси ташриф буюрган. Бундан ташқари пойтахт ҳокими кейинги йилдан Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон ёшлари ҳам форумда иштирок этишини маълум қилди ва бу халқаро форумга айланишидан умидворлигини айтди.
«Бугун тақдимотда намойиш этилган барча ишлар амалга оширилади. Ёшларга берилган ҳар бир сўз нуқта, вергулигача бажарилади. Президентимиз бажарилмай қолишига йўл қўймайди», – деди ҳоким.
Шунингдек, ёшлар форумини ташкил этишда кўмаклашган Президент администрацияси, Ёшлар иттифоқи ҳамда хорижий давлатлар элчиларига ўз миннатдорлигини билдирди.
«Ўзига ишонган инсонгина ватан келажагига ишониб яшайди. Ижтимоий тармоқларда ҳар нарсадан нолиб, норозилик билдирадиган одамлар ўзига ҳам ишонмайди. Биз бу форум орқали ёшларда ўзига ва ватанига ишонч уйғотишга ҳаракат қилдик. Агар ваъда берилган ишларнинг қайсидир қисмини бажара олмаган бўлсак, барчанинг кўз ўнгида ёшлардан кечирим сўрайман. Келажакда сизнинг кўмагингиз билан Тошкентни гуллатиб-яшнатамиз», – дея ўз сўзига якун ясади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Мавзуга доир:
- «Энди саволингизни ҳам дўппида берасиз». Озодбек Назарбеков ёшлар билан учрашув давомида чўнтагидан дўппи олиб кийди
- Инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов ёшлар билан учрашувда унга шогирд тушиш истагини билдирган талабанинг илтимосини қабул қилди
- Шерзод Кудбиев: «Меҳнат вазирлигида ишлаганимда Tico машинамда кира қилардим»
Изоҳ (0)