Украина мудофаа вазири Денис Шмигал 25 август куни Киевда Руминия, Литва ва Канада мудофаа вазирлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Музокараларда ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, дрон ишлаб чиқариш ва узоқ муддатли ҳарбий ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Украина мудофаа вазирлигига кўра, Шмигал Руминия бош вазири ўринбосари ва мудофаа вазири Ливиуй-Ионут Мостеанунинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини эътироф этиб, бу давлат ҳозиргача 22 та ҳарбий ёрдам пакети юборганини, яқин кунларда эса 23-пакет етказилиши режалаштирилганини маълум қилган.
“Руминия украиналик Ф-16 учувчиларини тайёрлашни давом эттирмоқда, бу эса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Биз ҳаво мудофааси бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олдик”, деди Шмигал.
Учрашув чоғида томонлар дронларни биргаликда ишлаб чиқариш имкониятлари ва Руминиянинг НАТО ташаббуси доирасида бошланган PURL (Prioritized Ukraine Requirements List) дастурига қўшилиши эҳтимоли юзасидан фикр алмашган. Ушбу ташаббус орқали АҚШ қуроллари Украина армиясига етказиб берилади.
Литва мудофаа вазири Довиле Сакалене билан бўлиб ўтган музокарада Шмигал икки давлат ўртасида қўшма ҳарбий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича англашув хатини имзолади.
“Биз узоқ масофага мўлжалланган дронлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Литванинг 2027 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 0,25 фоизини Украина ҳарбий ёрдамига ажратиш аҳди эса узоқ муддатли қўллаб-қувватлашни англатади”, деди Украина расмийлари.
Канада мудофаа вазири Девид Макгинти билан учрашувда саноат кооперацияси ва айниқса дрон ишлаб чиқариш соҳасига сармояларни кенгайтириш масаласи кенг муҳокама қилинган. Шмигал Оттаванинг дронлар ва ўқ-дориларни ўз ичига олган 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдами ҳамда PURL дастурига ажратган 500 миллион долларлик ҳиссасини юқори баҳолаган.
Сўнгги ойлар ичида Украина НАТО ва Европа иттифоқи давлатлари билан ҳарбий-техник ҳамкорликни жадаллаштирмоқда. Айниқса дрон ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва узоқ муддатли стратегик ёрдамларга эришиш мақсад қилинган. Руминия ва Литва — Европадаги энг фаол Украина тарафдорлари қаторидан жой олган бўлса, Канада эса энг йирик европалик бўлмаган ҳомий сифатида ажралиб туради.
Изоҳ (0)