Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Дунёнинг аксарият мамлакатлари қатори Ўзбекистон ҳам декабрнинг иккинчи ярмида байрамона кўринишга киради. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида Янги йил байрамининг бош атрибути — байрам арчалари пайдо бўлади, майдонлар тантанавор безатилади. «E-qaror» тизими ишга тушиб, маҳаллий ҳокимият органларининг (қарийб барча) қарорларини онлайнда кўриш имконияти пайдо бўлгач, ҳудудларда эски йилни кузатиб, янги йилни кутиб олиш учун қанча маблағ ва куч-воситалар сарф қилинаётганини кўриш мумкин бўлди. «Дарё» шу йўналишдаги қарорларни ўрганиб чиқди.

Жиззах шаҳрини байрамона безатиш учун 100 миллион, тўрт туманга эса жами 223 миллион

Жиззах вилояти ҳокимининг 11 декабрдаги фармойишига асосан, вилоят молия бош бошқармасига вилоят бюджетининг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан Жиззах шаҳар ҳокимлиги маъмурий биносида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 1 миллиард сўм, 2022 йил кириб келиши муносабати билан шаҳар ҳудудида арчалар ўрнатиш ва безаш ишларини амалга ошириш учун 100 миллион сўм — жами 1,1 миллиард сўм маблағни Жиззах шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказиб бериш вазифаси топширилган.

Жиззах шаҳридаги байрам арҳаси.

Жиззах шаҳридаги байрам арҳаси.
Фото: Жиззах шаҳар ҳокимлиги

Айни вақтда, Жиззах шаҳар ҳокимининг 16 декабрдаги фармойишига кўра, шаҳар молия бўлимига шаҳардаги Мустақиллик майдонига ўрнатиладиган марказий Янги йил арчаси ва Шароф Рашидов шоҳ кўчасини хамда шаҳарнинг гавжум жойларини байромона безаш максадида шаҳар маҳаллий бюджетининг даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми хисобидан 91,7 миллион сўм маблағни шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ажратиш вазифаси юклатилган.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани ҳокимининг 15 декабрдаги фармойишига биноан, туман молия бўлимига Янги йил байрамини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва совғалар олиш мақсадида туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил учинчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан туман ҳокимлигига 15 миллион сўм ва туман Ободонлаштириш бошқармасига 15 миллион сўм — жами 30 миллион сўм маблағ ажратиш вазифаси юклатилган.

Халқ депутатлари Арнасой тумани кенгашининг қарорига кўра, туман ҳокимлиги молия бўлимига туманда Президент арчасини безаш ва Янги йил байрам тадбирини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил учинчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 30 миллион сўм ва вилоят бюджетидан олинган ссуда ҳисобидан 50 миллион сўм — жами 80 миллион сўм маблағ туман Ободонлаштириш бошқармасига ажратилган.

Халқ депутатлари Ғаллаорол тумани кенгаши қарорига мувофиқ, туман Маданият бўлимига Янги йил байрами дастури ва тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда кўтаринки руҳда ўтказиш учун туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил биринчи ва учинчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 50 миллион сўм маблағ ажратилган.

Зафаробод туман кенгаши Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш ҳамда байрам дастурхони ташкил этиш учун 60 миллион сўмни туман ҳокимлигига, қорбобо ва қорқиз кийимларини харид қилиш учун 3 миллион сўмни эса туман ҳокимлигининг Маданият бўлимига ажратиш ҳақида қарор чиқарган. Мазкур маблағлар туман маҳаллий бюджети даромадлар режасининг 2021 йил учинчи чоракда орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилиши кўрсатиб ўтилган.

Андижонда ҳам арча ўрнатилади, лекин қанчага тушади — маълум эмас

Андижон вилояти ҳокимининг 16 декабрдаги фармойишида вилоятда ўрнатиладиган арча учун ажратиладиган маблағлар борасида маълумот кўрсатилмаган. Фармойишда жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш борасида масъулларга топшириқлар берилган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Шунингдек, вилоят телерадиокомпанияси, «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари таҳририятига янги 2022 йил ва Президент арчаси тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида жамоат тартиби ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича аҳоли ҳушёрлигини оширишга қаратилган кўрсатувлар ва мақолалар чоп этилишини ташкил этиш тавсия этилган.

Вилоятнинг Балиқчи тумани ҳокимининг фармойишида тумандаги «Марказ» маҳалласи ҳудудига Янги йил арчаси ўрнатилишига рухсат берилиши маълум қилинган.

Наманганда ҳам Андижондаги каби ҳолат

Наманган шаҳар ҳокимининг 11 декабрдаги қарорига асосан, Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга Ободонлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» боғи, «Афсоналари водийси», вилоят маданият маркази олдидаги майдонга 15 декабрь кунига қадар байрам арчасини ўрнатиш ва бу жойларни байрамона безаш ишларини амалга ошириш топширилган.

Шунингдек, пандемия шароитидан келиб чикиб келишилган ҳолда 2021 йил 17 декабрдан 2022 йил 9 январга қадар ҳар куни соат 10:00 дан 12:00 гача ҳамда 15:00 дан 23:00 гача «Бобур», «Афсоналари водийси», вилоят маданият маркази олдидаги майдонга ўрнатилган арчалар атрофида «Янги йил» шоу-дастурларини ўтказиш, уларда таниқли санъаткорларнинг чиқишларини таъминлаш белгиланган.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати ҳамда «Наманган садоси» газетаси бош мухарририга Янги йил байрамини ОАВда кенг ёритилишини ташкил этиш тавсия қилинган.

Фарғонанинг икки туманида байрамни ташкиллаштириш учун 86,7 миллион сўм ажратилди

Бувайда тумани ҳокимининг фармойиши билан ҳокимликнинг 10 декабрдаги туманда Президент арчаси тадбирларини ўтказиш бўйича йиғилиши баёни ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджетнинг 2021 йил биринчи чорак даромадлар режасининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан 80 миллион сўм ажратилган.

Бағдод тумани ҳокимининг 16 декабрдаги фармойишига биноан, туман ҳокими ўринбосарининг 14 декабрь кунги билдиришини ижросини таъминлаш мақсадида туман марказига ўрнатилган Янги йил арчаси атрофига баннерлар тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар учун туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 6,7 миллион сўм туман Маданият бўлимига ажратилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида вилоят маркази — Фарғона шаҳрида ўрнатиладиган арча ҳақида маълумот йўқ.

Самарқанд шаҳри кўчаларини безаш учун 250 миллион сўм

Самарқанд шаҳар ҳокимининг 29 ноябрдаги фармойишига асосан, шаҳар ҳокимлигига бошқарма ва ташкилотлардан, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олиб, шунингдек, шаҳарда бир қатор ижтимоий ва иқтисодий тадбирларни амалга ошириш мақсадида шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, хусусан, байрам билан боғлиқ тадбирлар учун 298,6 миллион сўм ажратилган.Фармойиш иловасида Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш учун шаҳар марказий кўчаларини байрамона иллюминация безаклари билан безатиш билан боғлиқ харажатлар учун 250 миллион сўм ажратилгани кўрсатиб ўтилган.

Қашқадарё вилоятининг уч туманида арча ўрнатиш учун жами 110 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ажратилган

Қарши шаҳрида 36 метрлик Янги йил арчасини ўрнатиш, арча ва унинг атрофини безатиш ишлари давом этмоқда. 2021 йил, 17 декабрь.

Қарши шаҳрида 36 метрлик Янги йил арчасини ўрнатиш, арча ва унинг атрофини безатиш ишлари давом этмоқда. 2021 йил, 17 декабрь.
Фото: Қарши шаҳар ҳокимлиги

Халқ депутатлари Китоб тумани кенгашининг қарори билан туман ободонлаштириш бошқармасига унинг балансидаги УАЗ Патриот хизмат автомашинаси таъмирлаш ва шина сотиб олиш ҳамда Янги йил байрами муносабати билан Президент арчасини безаш харажатларига 39 миллион сўм маблағ ажратилган. Қарорда таъкидланишича, бу пул туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Чироқчи тумани ҳокимининг 13 декабрдаги қарорида туман молия бўлимига Қашқадарё вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил 3-чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан туман марказида ўрнатилаётган Янги йил арчасини безаш билан боғлиқ харжатлар учун туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳисоб-рақамига 72,4 миллион сўм маблағ ажратилишини таъминлаш ҳақида топшириқ берилган.

Касби тумани ҳокиминг қарори билан, Янги йил арчаси ўрнатиш харажатлари учун туман Ободонлаштириш бошқармасига 40 миллион сўм маблағ ажратилган.

Хоразм вилояти ва Ҳазорасп туманида 31 декабрга қадар «Хавфсиз ҳудуд» махсус профилактик тадбири ўтказилади

Хоразм вилояти ҳокимининг 4 декабрдаги «Вилоят ҳудудида ‘Хавфсиз ҳудуд’ профилактик тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан, 31 декабрга қадар вилоятда «Хавфсиз ҳудуд» махсус профилактик тадбири ўтказилиши айтилган. Шунингдек, вилоятнинг масъул шахсларига вазифа ва топшириқлар берилган.

Ҳазорасп тумани ҳокимининг 17 декабрдаги қарорида вилоят ҳокимининг раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинган. Мазкур қарорда ҳам Янги йил кечасига қадар туманда «Хавфсиз ҳудуд» махсус профилактик тадбири ўтказилиши айтилган.

Оҳангаронда «байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида» 160 миллион сўм ажратилган

Оҳангарон тумани ҳокимининг 10 декабрдаги фармойишига асосан, туманда янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида, Янги йил арчаси ва саҳна безаклари ўрнатиш харажатлари учун 160 миллион сўм маблағ туман ҳокимлигига ажратилган. Мазкур маблағнинг 43 милллиони иккинчи чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасини орттириб бажарилган қисмидан, 117 миллиони эса иловага асосан маҳаллий бюджетга тикланган маблағлар ҳисобидан ажратилгани айтилган.

Чирчиқ шаҳри ҳокимининг 13 декабрдаги қарорига кўра, шаҳарда 10 декабрдан 2022 йилнинг 5 январь санасига қадар шаҳар «Кимёгарлар» маданият саройи ховлисида байрам арчаси ўрнатилади ҳамда байрам тадбирлари бўлиб ўтади. Қарорда айтилишича, шу муддатда Маданият кўчасининг «Кимёгарлар» маданият саройи жойлашган ҳудудида сутка давомида автомобиллар ҳаракати тўхтатилади.

Қарорда байрам арчасини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар тўғрисида маълумотлар келтирилмаган,

Ангор туманида декабрда «Хавфсиз ҳудуд» махсус тезкор профилактик тадбири ўтказилади

Сурхондарё вилояти, Ангор тумани ҳокимининг 16 декабрь кунги фармойишига кўра, «Президент арчаси» ва «Янги йил» байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, фавқулодда ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан «Хавфсиз ҳудуд» тадбирини ўтказиш мақсадида 1 декабрдан 31 декабрга қадар туманда «Хавфсиз ҳудуд» махсус тезкор профилактик тадбири ўтказилади.

Шунингдек, қарорда туман ҳокимининг барча ўринбосарлари ва бошқа масъулларга топшириқлар берилган.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Илон Маск Twitter’да Apple рекламалари тикланганини эълон қилди
Дунё
Туркиянинг Kizilelma қирувчи дрони илк парвозни амалга оширди (видео)
Дунё
Хитой Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатдими?