Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи 2021 йилнинг 11 ойлик иш натижалари бўйича танқидий йиғилиш ўтказди. Йиғилишда пойтахт ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, деб хабар бермоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бевосита ходимларнинг ташаббуси билан 5 644 та жиноятлар, улардан 1 375 таси гиёҳвандлик ва психотроп воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар аниқланган бўлиб, унда 122 килограмм 756 грамм гиёҳвандлик ва 108 минг 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалиб кетишининг олди олинган. 12 544 та жиноят фош этилган, улардан 171 таси ўтган йилларда содир этилган жиноятлар бўлган. Шунингдек, 822 нафар қидирувдаги жиноятчилар ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Шунингдек, йиғилиш давомида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда қатор камчиликларга йўл қўйгани учун бир қатор мансабдорларга чора кўрилган.
Хусусан, Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосари, шунингдек, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Сергели тумани ИИО ФМБ бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳамда жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарлари интизомий жазога тортилган.
«Шу билан бир қаторда, туманда ижобий кўрсатгичларга эришган ва намунавий хизмат олиб бораётган Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ИИО ФМБ бошлиқларига ташаккур ҳам эълон қилинди», — дея таъкидланади хабарда.
Изоҳ (0)