Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Бойбўри қишлоғида болалар мактаб йўқлигидан қийналаётгани, ҳар куни қўшни қишлоқдаги мактабга қатнаш учун 10 километрлаб юришга мажбур бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қамаши тумани ҳокимлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолатни ўрганиш учун туман халқ қабулхонаси мудири, туман ҳокимлиги ходимлари Бойбўри қишлоғига борган. Қамаши туманидаги «Бойбўри» маҳалласида Эсабой ва Бойбўри қишлоқлари бор. Маҳаллада 3500 яқин фуқаро рўйхатда туради. Ўқувчилар 23, 27 ва 73-мактабларга боради.
Қайд этилишича, 1989 йилда колхоз ва совхоз хўжалиги ҳисобидан қишлоқда мактаб қурилиши ишлари бошланган. Бу қурилиш давлат дастурига кўра эмас, хўжалик ҳисобидан амалга оширилган. Хўжаликлар якунлангач, қурилиш ишлари ҳам тўхтатилган. Йиллар ўтиши билан қурилиш объекти қаровсизлик сабаб йўқ бўлиб кетган. Ҳозирда ушбу сувли ҳудудда фермер хўжалиги фаолият кўрсатади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган расмларда ўқувчилар мактабга лой йўллар орқали бораётгани тасвирланган. Ҳокимлик ахборот хизматининг таъкидлашича, болалар мактабга, асосан, тош тўкилган йўлдан боради. Аммо масофани камайтириш учун баъзи болалар фермер хўжалиги майдонларини кесиб ўтади.
Маълум бўлишича, қишлоқ аҳолиси ҳудудда мактаб қуриш бўйича мурожаат қилган. Аҳоли мўлжаллаб қўйган фақат битта жой бор бўлиб, у ҳам фермер хўжалиги контурида — сувли ер ҳисобланади. Амалдаги қонунларга кўра, бу турдаги майдонлар фақат қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланиш учун ажратилади.
Таъкидланишича, яшаш хонадонлари учун эгалик ҳуқуқи ҳам мавжуд эмас. Вақтинчалик фойдаланиш ҳужжати қилинган.
«Қишлоқ болаларининг аксарият қисми борадиган 27 ва 73-мактаб оралиғи 5 километрни ташкил қилади. Бойбўри қишлоғи аҳолиси ўша мактаблар оралиғидаги ҳудудда яшайди. Шунингдек, мактаблар қишлоқлар учун эмас, болалар учун қурилади. Мактаб қайси ҳудудда қурилишидан қатъи назар ҳар бир бола учун эшиги очиқ ҳисобланади. Шу сабаб болаларнинг ўз мактаблари йўқ дейиш ўринсиздир», — дейилади ҳокимлик муносабатида.
Қишлоқ ҳудудида мактаб биноси қуриш масаласи мутахассислар томонидан бир неча бор ўрганилган. Ҳудудда бошланғич синф ўқувчилари учун 160 ўринли мактаб қуриш таклиф қилинган. Қишлоқ ҳудудида талаб даражасидаги рaдиусда мактаблар мавжудлиги сабаб таклиф инобатга олинмаган. Ҳозирда Эсабой қишлоғида жойлашган 27-мактаб учун қўшимча бино ва спорт майдони қуриш таклифи берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АОКАда 27 ноябрь куни Ўзбекистонда мактаблар етишмовчилиги мавзусида брифинг бўлиб ўтган. Унга айтилишича, Ўзбекистонда 5 миллиондан ортиқ ўқувчига мўлжалланган мактабларда 6,2 миллион ўқувчи таълим олмоқда. 2022 йилда республика бўйича 15 176 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 37 та мактабни янгидан қуриш, 71 819 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 180 та мактабни реконструкция қилиш ва мавжуд 89 тасини мукаммал таъмирлаш белгиланган.
Собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Ўзбекистондаги мактабларда синфларнинг тўлалиги ва дарслар икки сменада олиб борилаётгани сабабларини санаб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда ўқувчилар сони мактаблар лойиҳавий қувватидан сезиларли даражада ошиб кетган. «Ўқувчи сони билан ўқувчи ўрни ўртасидаги фарқ ҳозир бир миллион бўлса, 2025 йилга келиб 2 миллионга чиқиши мумкин. Бу дегани, мактаблар сиғимидаги ҳолат жуда қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин», — деган эди Шерзод Шерматов.
Мавзуга доир:
- Шаҳрисабздаги мактаб ўқувчиларига жисмоний тарбия дарси поли чириб кетган спортзалда ўтилди
- Термизлик бу ўқитувчи уйидан 300 км узоқдаги икки мактабда дарс беради, кунора 28 км пиёда юришга мажбур. Аммо ваъда қилинган қўшимча ҳақни ололмайди — чунки тоифаси йўқ
- Қашқадарёдаги мактабда ўқувчиларни полга ўтқазиб дарс ўтган ўқитувчилар жазоланди