Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов раҳбариятидан топшириқ олган ИИБ ходимларининг берилган топшириқни кўр-кўрона бажаришга уринишини қоралади. Бу ҳақда Денов шаҳрида портлаш билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш мақсад қилинган матбуот брифингидан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Денов шаҳрида вилоят ҳокими Тўра Боболов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрулло Иноятов, бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев, фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Ўлмас Музаффаров иштирокидаги матбуот брифингидан сўнг ички ишлар вазирининг матбуот котиби иштирокида матбуот анжумани ташкил этилган.
Матбуот анжуманида сўз олган «Дарё» мухбири портлашдан жабрланганлар билан суҳбатда бўлиш мақсадида Денов туман тиббиёт бирлашмасида бўлганини, шифохонада даволанаётган тўрт нафар беморни кўриб, суҳбатлашишга муваффақ бўлганини, аммо қолган уч нафар бемор билан суҳбатига ИИБ ходими тўсқинлик қилганини айтиб, вазиятга изоҳ сўраган.
Шоҳруҳ Ғиёсов мухбирнинг «Ўзини вилоят ИИБ ходими Шерзод дея таништирган ва гувоҳномасини кўрсатган фуқаро кийимидаги ходим бизнинг қолган уч нафар бемор билан ҳам суҳбатда бўлишимизга тўсқинлик қилиб, бунинг учун рухсат берилмаганини айтди. Ва ОАВ вакиллари фаолиятига қаршилик кўрсатди. Бошқа ОАВ вакиллари билан ҳам шундай ҳолат такрорланмаслиги, журналистларнинг эркин ахборот олиши учун вазирлик буни назоратга оладими», дея берган саволига «Бизнинг энг катта айбимиз ҳам шу экан аслида», — дея вазиятга баҳо берди.
«Кўп ходимларимиз 'солдат' бўлиб қолган. Менга шу топшириқни беришди, демак мен шуни қилишим керак деган тушунча билан хато қилишда давом этади. Аслида биз ана шу камчилигимиздан қутилишимиз керак», — деди Шоҳрух Ғиёсов.
ИИВ матбуот котиби аввалроқ бўлиб ўтган тадбирларнинг бирида ИИБ ходимлари, воқеа жойига ҳатто тез ёрдам машинасини ҳам ичкарига киритмаганини билдирди.
«Аввалроқ бўлиб ўтган воқеани айтиб бермоқчиман. Шунақа ходимларимиз ҳам бор эканки, топшириқни олгач, ҳатто тез ёрдам машинасини ҳам воқеа жойига киритишмаган. Бошқарма бошлиғи ўринбосарларидан бирининг айтичича, бир воқеада ходимлар ҳудудга келган сенаторга ҳам ‘Сиз ичкарига кириб-чиқувчилар рўйхатида йўқсиз’, дея ичкарига киришни тақиқлаган», — деди матбуот котиби.Шоҳруҳ Ғиёсов «Дарё» мухбирлари фаолиятига қаршилик кўрсатиб, уларнинг ахборот олишига тўсқинлик қилган ИИБ ходими иши билан ўзи шуғулланиб, таҳририятга бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги «Indenim» савдо мажмуасида 7 декабрь тонгида кучли портлаш юз берди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, 11 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кейинчалик Деновдаги портлашда 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди. Дастлабки тахминларга кўра, газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган.
Изоҳ (0)