Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги арафасида 182 нафар маҳбусни муддатдан аввал озод қилди. Бу ҳақда Президент байрам муносабати билан мамлакат аҳолисига йўллаган табригида маълум қилди.

Байрам табригида қайд этилишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.

Таъкидланишича, илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали 2021 йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат арбитражи фаолияти йўлга қўйилди.

«Адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда, Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – омбудсман томонидан ташкил этилган жамоатчилик гуруҳлари ўз вазифасини самарали амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.

Халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олийжаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам қўлланмоқда. Шу борадаги ишларимизнинг давоми сифатида Конституция куни арафасида яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра, шу тоифага мансуб 182 нафар шахс муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилмоқда», – дейилади табрикда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар