Сурхондарёнинг Денов шаҳрида жойлашган икки қаватли «Indenim» савдо мажмуасида портлаш содир бўлиб, савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида бир нафар ҳалок бўлган фуқаро аниқланганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Портлаш 7 декабрь куни соат 03:57 да содир бўлган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 04:02 воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 04:25 да ўчирган. 30 дақиқа атрофида вайрона остида олиб борилган қидирув ишларида бир нафар ҳалок бўлган фуқаро аниқланган. Портлаш оқибатида 9 нафар фуқаро турли тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса жойига бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилган. Комиссия таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотига кўра, айни пайтда улар воқеа жойида иш олиб бормоқда.