Тошкент шаҳри Миробод туманида Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари пора билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Бош прокуратура билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Аниқланишича, А.Т. Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида, 2020 йил октябрь ойларида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.

Шундан сўнг ҳозирда Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва 2021 йил 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. 2021 йил 5 декабрь куни соат 22:00 ларда Миробод туманида жойлашган «Мустафо» ресторанида Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилгани учун 29 минг АҚШ долларини олганида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳодисадан сўнг Бош прокуратура аҳолига мурожаат билан чиқди.

«Бош прокуратура кенг жамоатчилик эътиборини яна бир бор прокуратура органларида коррупцияга қарши муросасиз ва кескин кураш олиб борилаётганига қаратади.

Бинобарин, Бош прокуратура мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини жамиятда, хусусан прокуратура органларида коррупцияни таг-томири билан бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақиради.

Агар прокуратура органларининг бирон-бир ходими фаолиятида коррупция билан боғлиқ хатти-ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни кузацангиз, сезсангиз, бу ҳақда зудлик билан Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармасининг (71) 202-08-28 рақамли «Ишонч телефони»га маълум қилишингизни сўраймиз.

Мурожаатчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланиши тўлиқ кафолатланади», – дейилади мурожаатда.

Бундан аввал Андижон прокуратураси ходими 15 минг доллар пора билан қўлга тушгани, Жиззахда туман прокурори ўринбосари 8 минг доллар пора билан ушлангани, Қорақалпоғистонда ИИВ ходими пора олаётганида қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.