Ноябрь ойида Ўзбекистонда боғча ёшидаги болалар ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши бепул эмлаш бошлангани тўғрисида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, гриппга қарши вакцинация жараёнлари кейинги йилнинг март ойигача давом этади.
Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари гриппга қарши эмланмоқда. Шу мақсадда 2021 йилнинг август ойидан октябрь ойигача 3 705 588 доза гриппга қарши вакцина олиб келинган.
Шунингдек, касалланиш ҳолатлари ортиши сабабли, ҳукумат томонидан юртимизга 2 миллион доза «Гриппол плюс» вакцинаси келтирилган. Россияда ишлаб чиқарилган ушбу препаратнинг самарадорлиги халқаро даражада эътироф этилган.
3 декабрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб ташкил этилган эмлаш пунктларида 1 324 185 нафар МТТ тарбияланувчиси, 671 852 нафар 1-синф ўқувчиси гриппга қарши эмланган. Шундай қилиб, жами 1 996 037 нафар бола гриппга қарши вакцина олган.
«Биз оддий касаллик деб ҳисоблаган грипп ҳаёт учун катта хавф туғдириши, ҳатто оғир асоратларга олиб келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, юртдошларимизни бу жараёнда янада фаол бўлишга чиқирамиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 20—30 сентябрь кунлари 4-5 ёшли болалар полиомиелитга қарши оммавий вакцинациядан ўтказилган эди. Ўшанда болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза инактивланган полиомиелит вакцина етказиб берилганди.
Изоҳ (0)