Эрон ва Афғонистон чегарасида 1 декабрь куни Эрон армияси ва «Толибон» ҳаракати ўртасида жанговар тўқнашувлар содир бўлди. «Fergana.ru»нинг Tasnim агентлигига таяниб ёзишича, тўқнашувларга толиблар чегара аниқ қаердан ўтганини билмагани сабаб бўлган.

Фото: Proiqra

Таъкидланишича, бир неча йил олдин контрабандачиларга қарши курашиш мақсадида афғон чегарасидан бир неча юз метр нарида, Эроннинг Систон ва Балужистон вилояти ҳудудида деворлар қурилган. Эронлик деҳқонлар 1 декабрь куни ушбу деворлардан ўтган, бироқ мамлакат ҳудудидан чиқмаган. Аммо Афғонистонда ҳокимият тепасига келган толиблар деҳқонларни Афғонистоннинг Нимроз вилоятига қарашли Канг уэзди ҳудудига кирди деб ҳисоблаган ва ўт очган.

Эрон армияси жавоб тариқасида «Д-30» гаубицалари ва ўточар қуроллардан ўқ узган. Ўз навбатида толиблар Афғонистондан олиб чиқиб кетилган хориж қўшинларига тегишли «Хамви» зирҳли техникасидан ўт очгани айтилмоқда.

Афғон медиаларининг ёзишича, «Толибон» вакиллари тўқнашув вақтида чегаранинг Эрон томонидаги иккита назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Аммо Эрон ОАВлари ушбу хабарларни рад этган.

Таъкидланишича, отишма бир неча соат давом этган. Эрон чегарачилари ва толиблар ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида жанговар ҳаракатлар тўхтатилган. «Толибон» маълумотларига кўра, иккала томондан ҳам жароҳат олган ва қурбонлар йўқ.

Аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячилари «Толибон»ни юзлаб собиқ ҳарбийларни ўлдиришда айблагани, Афғонистонда «Толибон» аҳолининг смартфонларини текшириб, мусиқа ва видео олиб юрганларни калтаклаётгани тўғрисида хабар берилганди.