Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Нуреддин Небатини мамлакат ғазначилик ва молия вазири лавозимига тайинлади. Тайинлов борасидаги қарор расмий газетада эълон қилинган.
Ҳужжатга кўра, Туркия собиқ молия вазири Лютфи Элван истеъфога чиққан. Вазирларнинг алмашинуви Марказий банкнинг асосий ставкани пасайтириш тўғрисидаги навбатдаги қароридан кейин турк лираси курсининг тушиб кетиши фонида содир бўлмоқда.
Лутфи Элван Туркия Молия вазирлигини 2020 йил ноябрдан бери бошқариб келаётган эди. Унга қадар вазирликни Эрдўғоннинг куёви Берат Альбайрак бошқарган. 2015—2016 йиллар давомида Элван Туркия бош вазири ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган. Нуреддин Небати тайинловга қадар молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Ноябрь ойи давомида лиранинг долларга нисбатан курси 26 фоизга, йил бошидан бери эса 40 фоизга тушиб кетди. 23 ноябрь куни Истанбул ва Анқара аҳолиси Эрдўғонга қарши норозилик намойиши ўтказди. Намойишлардан сўнг Туркия Хавфсизлик бош бошқармаси намойишларга одамларни ижтимоий тармоқлар орқали жалб этганларга жиноий иш қўзғатди. Эрдўғоннинг ўзи лира курсининг тушиб кетишини «хорижлик агентларнинг» найранги деб ҳисобламоқда ва асосий ставкани камайтиришни давом этиш ниятини тасдиқлаган.
Изоҳ (0)