Тошкент вилоятида об-ҳавонинг кескин ўзгариши ҳамда қор ёғиши сабаб бир қанча йўл-транспорт ҳодисалари юзага келди. Қуйида ушбу ЙТҲлар тафсилотини тақдим этамиз.

Ижтимоий тармоқларда Оҳангарон туманида 10 га яқин машиналар ЙТҲга учради номли хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

17 ноябрь соат тахминан 18:50 ларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган М–39 автомобиль йўлининг 132-километрида, ҳайдовчилар об-ҳаво шароитини инобатга олмасдан, оралиқ масофани сақламаган ҳолда ҳаракатланиши оқибатида майда тўқнашув содир бўлган.

ЙТҲ натижасида ҳеч ким жароҳат олмаган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Ҳозирда воқеа жойида Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаган ҳолда суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Nexia-3 бошқарувни йўқотиб чуқурликка тушиб кетди.

Шунингдек, 17 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида А-373 Тошкент–Оҳангарон йўлида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 автомобиль ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобиль йўлининг ўнг томонидаги чуқурликка тушиб кетган.

Фото: ФВВ

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув қисмига мазкур ҳодиса юзасидан хабар келиб тушган. Хабарга кўра, қутқарувчилар воқеа жойига етиб бориб, автомобиль ҳайдовчисига зарур амалий ёрдам кўрсатиб, махсус техникалар ёрдамида чуқурликдаги автомобилни олиб чиққан.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.