Аниме мавзуси ҳақида гап кетганда Хаяо Миязаки ижодига назар ташламасликнинг иложи йўқ: у анимеларидаги ранглар уйғунлиги, нозик дид билан танланган мусиқа, сеҳрли олами билан бутун дунёга танилган буюк режиссёрдир. Миязакининг мультфильмлари бир қарашда болаларга аталгандек туюлиши мумкин, лекин улар нафақат ажойиблиги, балки катталарни ҳам ўзига тортадиган чуқур маънога эга экани учун севиб томоша қилинади.

Фото: «Vsemayki.ru»

Япониянинг миллий рамзи ва бутун дунё тан олган даҳо

Миязаки — Японияда ҳам, дунёда ҳам оламшумул машҳурликка эришган аниматор. Эҳтимол, режиссёрнинг иши анъанавий япон мотивларини глобал мавзулар билан моҳирона уйғунлаштира олгани учун ҳам нафақат японларга, балки бошқа мамлакатлар томошабинларига ҳам тушунарли ва кўнгилга яқин бўлгандир.

Миязаки студиясида ишлаб чиқарилган биринчи фильм — «Лапута — самовий қалъа» (1986) унга молиявий муваффақият ва томошабинлар муҳаббатини олиб келди. «Руҳлар олами» (2001) анимеси эса япон киноси тарихидаги энг юқори даромад келтирган фильм бўлди – у деярли 380 миллион доллар йиғди. Бу фильм, шунингдек, BBC талқинига кўра, барча даврларнинг 100 та энг яхши хорижий фильмлари рўйхатига кирган ягона аниме фильм ҳисобланади.

«Руҳлар олами» фильми

Фото: Getty Images

1985 йилда Хаяо Миязаки ва Исао Такаҳата шахсий студия — Studio Ghibli’га асос солишган. Студиянинг кўплаб фильмлари Animage Gran-pri мукофотига сазовор бўлган. Студия номи Миязаки томонидан танланган бўлиб, арабча «иссиқ чўл шамоли» (قبلي, ghiblī) деган маънони англатади.

Ҳозирда Токиода Миязаки ижоди ва умуман олганда, анимацияга бағишланган Studio Ghibli’нинг бутун бошли музейи мавжуд.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Музей аниме тарихи ҳақида ҳикоя қилади, студиянинг машҳур фильмларининг кадрорти жараёнлари тасвирланган ва музей учун махсус тайёрланган қисқа метражли фильмларни кун бўйи намойиш этади. Музейда ёзувчининг машҳур асарлари услубида яратилган болалар учун махсус хона ҳам мавжуд: бу ерда ҳатто «Тоторо»даги мушук-автобус ҳам бор.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Миязаки Япониядан бошқа мамлакатларда ҳам жуда машҳур. Унинг ижоди кўплаб Ғарб юлдузлари томонидан юқори баҳоланади. Масалан, Илон Маск «Малика Мононоке»ни яхши кўришини, бошқа юлдузлар — Уилл Смит, Канье Уэст, Роберт Паттинсон, Робин Уильямс, Киану Ривз эса Миязаки фильмларига бўлган муҳаббатларини тан олган.

Фото: «Vsemayki.ru»

Миязаки асарлари профессионал ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилган: 1997 йилда чиқарилган «Малика Мононоке» унга катта шуҳрат келтирди — Миязаки Американинг «Энни» мукофотига номзод бўлди. «Руҳлар олами» фильми 2003 йилда «Энг яхши анимацион фильм» номинациясида «Оскар»ни қўлга киритиб, Берлин кинофестивалида «Олтин айиқ» мукофотига сазовор бўлди.

Миязакига кимлар тақлид қилади ва ундан илҳомланади?

Миязаки таниқли режиссёр ва аниматорга айлангач, у нафақат ўзининг ватани Японияда, балки хорижда ҳам кўплаб ёш муаллифларнинг илҳом манбайига айланди.

Агар унинг таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, гапни Studio Ghibli’дан бошлаш лозим. Студия фильмларининг аксарияти ижодкорларнинг ўзлари томонидан суратга олинган, аммо сўнгги пайтларда Ghibli’да бошқа муаллифларнинг кўплаб ижод намуналари ҳам пайдо бўла бошлади.

Фото: «Vsemayki.ru»

Хаяо Миязаки услуби ва анъаналарининг асосий давомчиларидан бири унинг ўғли — Горо бўлиб, унинг фильмографиясида Studio Ghibli томонидан чиқарилган иккита тўлиқ метражли картина — «Ер денгизи эртаклари» (2006) ва «Кокурико ёнбағирлари бўйлаб» (2011), 26-қисмли аниме-сериал «Рони — қароқчи қизи» (2014) ва «Ая ва жодугар» (2020) экран юзини кўрган. Бу фильмларда ҳам ўзига хос расм чизиш услуби ва бир-бирига ўхшаш мавзулар — антимилитаризм, экология муаммоларини кўриш мумкин.

Худди шу студияда Миязаки раҳбарлигида яна бир режиссёр Хиромаса Ёнебаяши ўз истеъдодини юзага чиқарган. У «Ариэти — Лиллипутлар мамлакатидан» (2010) ва «Марни ҳақида хотиралар» (2014) фильмларини суратга олган, бу анимеларда ҳам Миязаки таъсири яққол сезилади: қаҳрамон-қизлар, табиатга муҳаббат, сеҳрли манзаралар. Кейинчалик Хиромаса Йонебаяши студияни тарк этди, лекин барибир устозининг услуби бўйича фаолият юритишда давом этди: унинг янги «Мари ва жодугар гули» асари услуб жиҳатдан Миязакининг «Жодугарнинг етказиб бериш хизмати» мультфильмига жуда ўхшайди.

Замонавий япон анимациясининг яна бир устаси — Макото Шинкаяни («Сониясига беш сантиметр», «Булутлар ортида» ва бошқалар) «янги Миязаки» деб аташади. Унинг ўзи ҳам ижодида Ghibli асосчисининг таъсири катта бўлганини тан олади. Бу, айниқса, унинг «Унутилган овозларни тутувчилар» асарида яққол сезилади. Мазкур фильм ва Миязакининг «Ҳаракатланувчи қалъа» картинаси ўртасидаги умумий ассоциацияларни кўриш мумкин.

«Унутилган овозларни тутувчилар»

Фото: Getty Images

Миязаки Ғарб аниматорларига ҳам яхшигина илҳом берди. Мисол учун, Американинг Pixar студиясининг таниқли режиссёри, кўплаб Pixar мультфильмлари продюсери, «Автомобильлар» ва «Ўйинчоқлар тарихи» мультфильмлари яратувчиси Жон Лассетер кўп йиллардан бери Миязаки билан дўст бўлиб, Миязаки ижодидан ҳайратланиши ва ундан илҳомланишини таъкидлайди. Айнан Миязаки туфайли у анимация нафақат болаларга, балки барча ёшдаги томошабинларга ҳам ёқадиган универсал жанр эканини англаган.

Pixar’нинг яна бир режиссёри Пит Доктер ҳам Миязакининг ашаддий мухлиси ҳисобланади. У ҳатто устанинг иш жараёнини шахсан ўзи кузатиш учун Японияга ҳам келган. Доктер фильмларида ҳам бироз бўлса-да, Миязаки таъсири сезилади – унинг ҳам персонажлари оддий одамлар бўлмайди («Тепага» мультфильмидаги кекса одам), қизларни асосий қаҳрамонга айлантиришдан қўрқмайди («Бошқотирма») ва ҳатто йиртқич ҳайвонлар ҳам меҳрибон бўлиши мумкинлигини кўрсатиб бера олади («Махлуқлар корпорацияси»).

«Тепага»

Фото: Getty Images

Миязаки суратларни ҳеч қандай 3D’сиз, фақат қўл меҳнати билан чизади

Хаяо Миязаки синчков рассом: у аввалига ўз персонажларини кашф қилади ва қоғозга эскизини чизади, шундан кейингина уларни экранга ўтказади. Шунинг учун ҳам фильмлари устида бутун бир аниматорлар жамоаси ишлаётган бўлса-да, ҳар бир асар унинг қўли билан яратилган, дейишимиз мумкин.

Ғарб аниматорларидан фарқли ўлароқ, Миязаки ўз асарларида 3D, замонавий технологиялар ва махсус эффектлардан деярли фойдаланмайди. Режиссёр ландшафтлар, кундалик ҳаёт ва атрофдаги дунё тафсилотларини тасвирлашга катта эътибор беради.

Миязаки фильмлари устида ишлаганда ландшафтлар прототипларини топиш учун кўп саёҳат қилади. Мисол учун, «Малика Мононоке» анимесини яратишда у Яку ороли манзараларидан, «Ҳаракатланувчи қалъа»да эса Франциянинг Колмар ва Рикевир шаҳарлари ландшафтларидан илҳомланган.

Фото: Яку ороли ва «Ҳаракатланувчи қалъа» картиналаридаги манзаралар

Миязакининг чизиш услуби ҳозирги замонавий япон аниматорларига, айниқса, бир қолипдаги аниме-сериаллар яратадиганларга ўхшамайди. Унинг персонажларининг қоматлари тўғри нисбатларга эга: катта-катта кўзлар, ҳаддан ташқари бўрттирилган тана аъзолари ва турли рангдаги соч турмаклари йўқ. Унинг ижоди Ғарб анимациясидан сезиларли даражада фарқ қилади — Миязаки кўпроқ сокин ва табиий ранглардан фойдаланади, у ҳар бир майда деталга, сурат атмосферасини чизишга катта аҳамият беради.

Миязаки анимесининг тўртта асосий мавзуси

Миязакидан интервью олган машҳур кинотанқидчи Антон Долиннинг сўзларига кўра, режиссёр ўтган асрнинг 80—90 йилларидаёқ биз бугунги кунда муҳокама қилаётган кўплаб замонавий ижтимоий мавзуларни олдиндан кўра олган: экологик муаммолар, феминизм, антимилитаризм ва дунёнинг «оқ-қора»лигини қабул қилмаслик.

Экологик муаммолар

«Шамоллар водийсидан келган Навсикая»ни эсланг: дунё одамларга ўзларининг айби туфайли экологик фалокат билан таҳдид қилмоқда. «Малика Мононоке»да қурол кўтарган одамлар дарахтларни йўқ қилади, кейин эса ўрмон руҳлари билан жанг қилишади.

Миязаки тараққиётни унчалик ёқтирмайди: у смартфонлардан фойдаланмайди, телевизор кўрмайди. Ўзининг айтишича, агар Япония қашшоқлашиб, ишлаб чиқувчилар банкрот бўлса-ю, «ердан ёввойи ўтлар униб чиқса» режиссёр бундан фақатгина хурсанд бўлади.

Фото: Getty Images

Хаяо Токорозава шаҳрида ташкил этилган National Trust of Totoro қўриқхонасига 3 миллион доллар хайрия қилган. Режиссёр бир вақтлар шу шаҳарда яшаган ва «Менинг қўшним Тоторо» фильми воқеалари айнан шу ерда бўлиб ўтади. Токорозава ҳозирда Токионинг «сокин тумани» бўлиб, фаоллар уни турли хил қурилишлардан сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Миязаки National Trust of Totoro’га акварелда ишланган Тоторони совға қилган: энди қуёнсимон сичқон бу жойнинг расмий рамзи ҳисобланади.

Феминизм

Миязаки қаҳрамонларининг аксарияти кучли, жасур қизлардир ва бу Ghibli студиясининг биринчи иши — «Шамоллар водийсидан келган Навсикая» картинасидан бери шундай бўлган. Фильмда ёш малика урушаётган халқларни яраштиришга ва бутун дунёни қутқаришга интилади.

Бу анъана унинг бошқа асарларида ҳам давом этади.

«Менинг қўшним Тоторо»да ўрмон руҳи фақат иккита кичик қизгагина кўринади; «Лапута — самовий қаср» фильмида Сита исмли қиз сирли учиб юрувчи оролни топиши ва дунёни қутқариши керак бўлади.

«Лапута — самовий қаср» фильми

Фото: Getty Images

«Руҳлар олами» фильмида бош қаҳрамон нафақат ўзини, балки ота-онасини, шунингдек, ёш сеҳргарни ҳам қутқариши лозим. «Ҳаракатланувчи қалъа»да ўзига ишонмайдиган қиз кучли қаҳрамонга айланади ва ҳаммани – қудратли сеҳргар ва жодугарларни, олов жини ва ҳатто дунёни қутқаради.

Миязакининг ўзи бу ҳақда шундай дейди: «Менинг кўп фильмларимда кучли қаҳрамонлар бор — довюрак, ўзига ишонган қизлар, улар бутун қалби билан ўзари эътиқод қўйган нарса учун курашадилар. Уларга дўст ёки ёрдамчи керак, лекин ҳалоскор эмас. Мен ҳар бир аёл эркаклар каби қаҳрамон бўлишга қодир эканига ишонаман».

Антимилитаризм

Миязаки урушга нисбатан икки ёқлама муносабатда. Бир томондан, у урушни ҳар томонлама қоралайди ва у қандай даҳшатли оқибатларга олиб келишини кўрсатади. Биз буни урушларда ўзини йўқ қилиб юборишига оз қолган инсоният ҳақидаги мультфильм «Шамоллар водийсидан келган Навикая»да кўришимиз мумкин.

Бошқа томондан, у доимо муаммога турли томонлардан қарашга ҳаракат қилади. Шунинг учун у «Шамол кўтарилмоқда» фильмини Иккинчи жаҳон уруши арафасида ҳарбий самолётларни лойиҳалаштирган авиаконструктор Жиро Хорикосига бағишлади. Антон Долинга берган интервьюсида режиссёр Италияда авиаконструктор Барон Капронини фашист деб ҳисоблашларини, аммо у учун Капрони фақатгина «фантазёр ва ихтирочи» эканини таъкидлайди.

Фото: Жиро Хорикоси ва «Шамол кўтарилмоқда» фильми қаҳрамони

Умуман олганда, Миязаки болалигидан самолётларни яхши кўради: унинг отаси самолёт қисмларини ишлаб чиқарадиган завод раҳбари бўлган. Шунинг учун Миязаки учун парвоз қилувчи одамларни ёвуз сифатида тасвирлаш жуда мушкул иш.

Мутлақ ёвузликнинг йўқлиги

Хаяо Миязаки фильмларининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда бир ёқлама салбий образлар йўқ. Ҳатто жодугарлар, ёвуз руҳлар ва йиртқич ҳайвонлар ҳам меҳр ёки ҳамдардлик кўрсатадилар. Масалан, «Ҳаракатланувчи қалъа»даги даҳшатли жодугар, кейинчалик меҳр ва ғамхўрликка лойиқ бўлган зарари тегмайдиган кампирга айланади. Ёвуз иблис фитратида эса мафтункор сеҳргар Ҳоул яширинган бўлиши ҳам мумкин.

«Вайроналар жодугари»

Фото: Getty Images

Режиссёр томошабинларни (айниқса, болаларни) дунёни оқ-қорага ажратмасликка, ёмонликдан ҳам яхшилик топишга ҳаракат қилишга чақиради. Энг муҳими, ҳар бир инсоннинг ички дунёси мураккаб эканини тушунтиришга ҳаракат қилади.

Кинотанқидчи Антон Долиннинг таъкидлашича, Японияда Миязакини ҳамма жойда учратиш мумкин: ҳар бир дўконда унинг ўзи ва қаҳрамонлари тасвири туширилган маҳсулотлар бор: рўзғор буюмларидан тортиб, ниқобларгача.

Фото: «Vsemayki.ru»

Фото: «Vsemayki.ru»

Фото: «Vsemayki.ru»

Фото: «Vsemayki.ru»

Фото: «Vsemayki.ru»

Фото: «Vsemayki.ru»

Фото: «Vsemayki.ru»

Ҳозирда буюк япон режиссёри ёзувчи Гензабуро Ёсинонинг худди шу номдаги китоби асосида суратга олинаётган «Қалайсиз?» номли янги мультфильм устида ишламоқда.

Миязаки ҳозирда ишлаётган янги мультфильм воқеалари асосланган китоб муқоваси

Фото: «Kinopoisk.ru»

Мультфильм 2021 йилда экранларга чиқиши кутилмоқда. Фильмда биттагина китобни жуда яхши кўрган 15 ёшли ғайриоддий ўсмир ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳозирда сюжет тафсилотлари ҳақида бошқа маълумотлар йўқ, нима ҳам дердик, буюк япон режиссёридан ҳайратимизга сабаб бўлувчи яна бир мультфильмни интиқлик билан кутиб қоламиз.