«Пахта хом ашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
2022 йил ҳосилидан пахта етиштиришни ва йиғим-теримини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
- пахта етиштириш ва йиғим-теримни имтиёзли молиялаштириш кластерлар ва Уруғчиликни ривожлантириш марказидаги элита уруғчилик хўжаликлари орқали амалга оширилади;
- банклар томонидан жамғарма ресурсларидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ажратилади:
- пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун – пахта қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз 24 ойга, 18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
- элита уруғчилик хўжаликларига пахта етиштириш учун – пахта қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкада 14 ойга;
- пахта-тўқимачилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун – пахта қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз 12 ойга, 3 ойлик имтиёзли давр билан.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш, техникага оид масалалар, уларни импорт қилишни мустақил ҳал қилади, бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланади.
Бундан аввал Ўзбекистондаги 200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдони аҳолига танлов асосида узоқ муддатли ижарага берилиши, Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 5 нафар мансабдор жавобгарликка тортилгани ҳамда Шавкат Мирзиёев 2022 йилдан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)