Қашқадарё вилоятининг Косон туманида 9 ноябрь куни ёниб кетган трансформатор ўша кечанинг ўзида янгисига алмаштирилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Баҳриддин Эсонов маълум қилди.
«9 ноябрь куни кузатилган кучли ёғингарчилик сабаб Косон тумани ‘Пудина’ МФЙ да жойлашган 569-трансформатор пунктида қисқа туташув юз берган. Косон туман электр таъминоти корхонаси навбатчи бригадаси носозлик юз берган ҳудудда бўлиб, яроқсиз ҳолга келган трансформаторни янги трансформаторга алмаштирди. Айни пайтда маҳалладаги истеъмолчилар барқарор электр таъминотига уланган», — дейди Баҳриддин Эсонов.
Қайд этилишича, маҳаллага ўрнатилган янги трансформатор 250 киловатт қувватга эга.
«Эскиси 100 киловатт қувватга эга эди, аҳоли эса кўп. Бунча аҳолига ток етказиб бериш учун трансформатор ортиқча қувват билан ишлаб, зўриқиши оқибатида ёниб кетганди. Энди эски трансформаторга нисбатан бир ярим баравар кучли трансформатор қўйилди. Ўйлаймизки, энди бизда электр токи билан боғлиқ муаммо бўлмайди», — дейди «Дарё» таҳририятига бу ҳақда хабар берган аҳоли вакилларидан бири.
Мавзуга доир: Косонда трансформатор ёниб кетди (видео)
Изоҳ (0)