Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 1 ноябрь куни айрим бош вазир ўринбосарлари, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари билан ишчи йиғилиш ўтказди, деб хабар беради «Хроника Туркменистана».
Ашхобод ҳокими Раҳим Гандимов ва бош вазирнинг қурилиш, саноат ва энергетика комплекслари бўйича ўринбосари Чаримурат Пурчеков пойтахтдаги ободонлаштириш ишлари, олиб борилаётган қурилишлар ва қишки мавсумга тайёргарлик борасида маълумот берган.
Бердимуҳамедов қиш мавсуми яқинлашаётгани сабаб ҳокимга пойтахтда иссиқлик, сув, энергетика ва газ таъминоти узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, коммунал хизматлар ва тозаликни сақлаш учун мўлжалланган ускуналардан самарали фойдаланиш борасидаги масалаларини назоратга олиш вазифасини қўйган.
Вилоятлар раҳбарлари ва бош вазири ўринбосари, агросаноат комплекси масалалари бўйича масъул Эсенмурат Оразгелдиев кузги ғалла экиш ишлари якунлангани, шунингдек, пахта йиғим-терим кампаниясининг ўтказилиши тўғрисида ҳисобот берган.
Гурбангули Бердимуҳамедов пахта йиғим-терими муддатларидан норози бўлиб, вилоятларнинг айрим туманларида оқ олтинни йиғиштириб олиш даражаси паст эканини таъкидлаган. Президент пахтани ўз вақтида, сифатли териб олиш учун барча куч ва ресурсларни йўналтиришни буюрган.
Шунингдек, мутасаддиларга 6 ноябрга режалаштирилган кузги дарахт экиш ишларига тайёргарлик кўриш, кўчатларни экиш жойларини ва сонини аниқлаш топширилган. Мамлакатда кўкаламзорлаштириш кампанияси давомида 15 миллион туп кўчат экилиши кутилмоқда.
Эсенмурат Оразгелдиевга алоҳида Ҳосил байрамини юқори даражада ўтказиш бўйича тадбир режасини тайёрлаш топширилган.
Аввалроқ Туркманистон президенти кома ҳолатига тушгани ҳақидаги хабарлар рад этилгани, Бердимуҳамедов янги автотрассанинг бир қисмини очиб бериб, унда янги «КамАЗ»ни синовдан ўтказгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)